Ўзбекистон фуқароларнинг рақамлаштиришга тайёрлигини баҳолаш индексида 51 та мамлакат ичида 47-ўринни эгаллади. Ушбу индекс Россиянинг “Диалог” Нотижорий автоном ташкилоти томонидан ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Риа новостига таяниб "Qalampir.uz" хабар бермоқда.
Тадқиқот натижаларига кўра, рейтингда Япония биринчи, Эстония иккинчи, Исландия эса учинчи ўринни эгаллаган. Кучли бешликда Финляндия ва Дания ҳам бор.
Сўнгги бешликка Ўзбекистондан ташқари Ҳиндистон (48), Қирғизистон (49), Тожикистон (50), Туркманистон (51) киритилган. Россия рейтингда 27-ўринни эгаллаган.
Таъкидланишича, рақамли ривожланишнинг юқори даражаси Интернет (кенг полосали ва мобил) мавжудлиги, фойдаланувчилар сони ва аҳолини компютерлаштириш даражаси билан тавсифланади.
Маълумот ўрнида, индекс қуйидаги ташкилотлардан бирига аъзо бўлган 51 мамлакат учун ишлаб чиқилган: Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, беш давлатдан иборат гуруҳ (БРИКС): Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Aфрика.






