Эртага, 4 сентябрь куни Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида илк бора ўтказилаётган МДҲ ўйинлари тантанали очилади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Маълумот учун, МДҲ ўйинлари 4-11-сентябр кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.
Биринчи МДҲ ўйинларида спортнинг 17 тури бўйича 1 500 нафарга яқин спортчи 182 та медаллар жамланмаси учун баҳс олиб боришади. Мусобақаларни бевосита бошқариб бориш учун 400 нафар атрофида ҳакамлар жалб қилинган бўлса, 1 000 нафардан зиёд волонтёрлар МДҲ ўйинлари иштирокчиларига хизмат кўрсатади.
Ушбу ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси таркибида 15та спорт туридан жами 240 киши қатнашиши режалаштирилган.
Вакилларимизнинг дастлабки гуруҳи 31-август куни Қозонга жўнаб кетишганидан хабарингиз бор. Бугун эса яна бир гуруҳ спортчиларимиз ва расмийлар Татаристон пойтахтига кузатиб қўйилди. Мамлакатимиз делегацияси таркибидан баскетбол (3х3), кураш, белбоғли кураш, муай-тай ва ўқ отиш спорти вакилларидан иборат жами 65 нафар юртдошимиз ўрин олган. Ўзбекистон спорт делегациясига Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов раҳбарлик қилмоқда.
Ўз таркибига дзюдо, карате, стенддан ўқ отиш, бадминтон, бадиий гимнастика, футзал, самбо ҳамда рақс спорт тури вакилларини жамлаган қарийб 100 кишилик навбатдаги делегациямиз режага биноан 6-7-сентябр кунлари биринчи МДҲ ўйинларига жўнаб кетади.
Ўйинларнинг расмий очилиш маросими эртага белгиланган бўлса-да, дастурга биноан айрим спорт турлари бўйича мусобақалар бошланиб кетди. Жумладан, бокс баҳсларига 1 центябрдан старт берилган бўлса, бугун, 3-центябрдан спорт курашлари бўйича ҳам мусобақалар бошлаб юборилди. Шунингдек, бугун юнон-рум кураши беллашувлари ҳам бошланди.
Таъкидлаш керак, Татаристонда ўтказилаётган биринчи МДҲ ўйинлари 14-23 ёшли иқтидорли спортчилар ўртасида ташкил этилмоқда. Шубҳа йўқки, бу ўйинлар ана шу ёшларимиз учун қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинлари учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтаб беради.