Япония бош вазири Ёсихидэ Суга партия раҳбарлигига қайта сайланиш учун курашмаслигини маълум қилди. Бу эса ўз-ўзидан унинг бош вазирлик муддати тугашини англатади.Суга бир йил муқаддам бош вазир бўлганди - ўшанда аввалги бош вазир Синдзо Абэ соғлигидаги муаммо туфайли истеъфога чиққанди.
Ҳукуматдаги Либерал-демократик партия раҳбарлиги учун сайловлар 29 сентябрга белгиланган, унда ғолиб бўлган сиёсатчи бош вазирлик креслосини эгаллайди.
Суганинг қарори ҳеч ким учун ажабланарли бўлмади. Токиодаги Олимпия ўйинлари бошланишидан олдинроқ кўплаб экспертлар воқеалар ривожи айнан шундай тус олишини прогноз қилишганди.
Мамлакатдаги оғир эпидемиологик вазиятга қарамасдан ва кўпчилик японларнинг иродасига қарши борган ҳолда унинг ҳукумати Ўйинларни барибир ўтказиш борасида қарор қабул қилиши партияга ва унинг шахсан ўзининг рейтингига жиддий зарба берди.
Октябрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида Либерал-демократик партия кўплаб префектураларда мағлубиятга учраши тахмин қилинмоқда. Умуммиллий сайловлар эса йил охирида бўлиб ўтади.
Айни вақтда Япония Covid-19 билан боғлиқ оғир вазиятни бошдан кечирмоқда. Аҳолини вакциналаш жараёни эса секин суръатларда кечмоқда.
Мамлакатда фавқулодда ҳолат режими амалда.
ЛДП бош котибининг сўзларига кўра, партиядагилар бош вазирнинг қароридан қаттиқ хафа бўлишган, шу билан бирга улар бу қарор чуқур таҳлиллардан кейин қабул қилинганига амин.
Бош вазир лавозимидаги қолган муддатни Ёсихидэ Суга коронавирус пандемиясига қарши курашга бағишламоқчи.
Айни вақтда 72 ёшда бўлган Суга - япон сиёсатидаги энг кекса кишилардан биридир. У қулупнай етиштириш билан шуғулланган фермерлар оиласида туғилган.
Ўз фаолиятини 1987 йилда Йокогама шаҳар кенгашида амалдор сифатида бошлаган. 1996 йилда илк марта парламент аъзоси бўлган, 2005 йилда Жамоатчилик билан алоқалар вазири ўринбосарлигига тайинланган, 2007 йилда эса Синдзо Абэ унга биратўла Вазирлар Маҳкамасидан уч лавозим берган.
Бозор янги, нисбатан кучлироқ ҳукумат келишига реакция берди. Япония акциялари кескин кўтарилди, мамлакатдаги асосий фонд индексларидан бири Topix пайшанба куни плюс 1,6 фоиз билан ёпилди - бу сўнгги 30 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.
Манба: kun.uz