Токио шаҳрида давом этаётган XVI ёзги Паралимпия ўйинлари эртага ўз якунига етади. Хўш, бугун Ўзбекистонлик спортчиларнинг мусобақаларда иштироки қандай кечмоқда? Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълумот берди.
Бугун пара каное бўйича KL-3 классида аёллар ўртасида 200 метрга спринт пойгалари бўлиб ўтди. Ярим финалда ҳамюртимиз Шаҳноза Мирзаева 51.466 сония вақт билан маррага 5-ўринда етиб келди ва финал йўлланмасини қўлга киритган эди.
Бироқ, медаллар учун кечган финал босқичида Шаҳноза Мирзаева 52.398 сония вақт билан маррага 6-ўринда етиб келди.
Яна бир пара каноечимиз Ҳайитмурод Шерқўзиев эса VL-3 классида эркаклар ўртасида 200 метрга ўтказилган пойгаларда муносиб иштирок этди, аммо...
Ярим финалда ҳамюртимиз 51.450 сония вақт билан маррага 2-ўринда етиб келганди ва бу бизда медалларга умид уйғотган эди. Aфсуски, Ҳайитмурод финал баҳсида 52.793 сония вақт билан маррага 4-ўринда етиб келди. Ҳамюртимиз медалга жуда яқин келди, аммо унинг натижаси бунга бироз камлик қилди.
Ҳозиргина пара ўқ отишнинг 50 метр масофага тўппончадан ўқ отиш бўйича ўтказилган баҳслари якунланди.
Ярим финалда ҳамюртимиз Сервер Ибрагимов 539 очко билан 1-ўринни эгаллаган эди. Бироқ, финал босқичида Сервер 100 очко билан 8-поғонани эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, Сервер Ибрагимов 10 метр масофага тўппончадан ўқ отиш баҳсларида 177.4 очко тўплаган ҳолда 5-ўринни эгаллаган эди.
Пара таеквондо бўйича аёллар ўртасида +58 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этаётган ҳамюртимиз Гулжаной Наимова ярим финалга йўл олди.
Маҳоратли спортчиимиз нимчорак финалда эронлик Раехех Шахабни 30:9 ҳисобида мағлуб этди ва чорак финалга йўл олди.
Бу босқичда унга япониялик пара таеквондочи Шоко Ота рақиблик қилди. Ҳамюртимиз бу жангда мезбон спортчини аяб ўтирмади ва 37:12 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Гулжаной финал остонасида Буюк Британия вакиласи Эми Трусдейл билан куч синашади. Ушбу жанг бугун Тошкент вақти билан соат 14:00 да бошланади.