АсосийMadaniyat

22 нафар ўзбекистонлик ёшлар Россияга ўқиш учун юборилди

'22 нафар ўзбекистонлик ёшлар Россияга ўқиш учун юборилди'ning rasmi

Бутунроссия давлат кинематография институтида янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Байрамда мазкур институтга ўқишга кирган 22 нафар ўзбекистонлик ёшлар ҳам иштирок этишди.

Маълумотларга кўра, Бутунроссия давлат кинематография институти 1979 йилдан бери илк маротаба актёрлик устахонасига ўзбекистонлик талабаларни жалб қилган.

 Талабалар 4 йил мобайнида "Майсаранинг иши", "Ибрат", "Барон" ва бошқа фильмлари билан Ўзбекистонда машҳур бўлган Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Махмудов устахонасида академик амалиётни ўтайди.

Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ёшлар барчаси олийгоҳ ректори Владимир Малишев ва маъмурияти вакиллари билан танишди.

"Ниҳоят, кинематографик таълим соҳасидаги Ўзбекистон ва Россия ўртасида йўқолган алоқалар тикланмоқда. Биз бу учун узоқ йўл босиб ўтдик. Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар ВГИК деворлари ичида кино асосларини, актёрлик ва режиссёрлик маҳоратини ўрганаётганидан бахтиёрман. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади", - деди ВГИК ректори Владимир Малишев.

Бутунроссия давлат кинематография институти талабалари учун ўтказилган маросимда Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди:

– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўзбекистонлик талабаларни ўқитишни ташкиллаштириш, шунингдек, Тошкент шаҳрида интститутнинг филиалини очиш ташаббуси шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга тегишли, – дея таъкидлади Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори.

 – Мисол учун, Президент институт филиалини очиш ҳақидаги қарорга айнан байрам кунлари арафасида  имзо чекди. Бу мамлакатимиз кинематографияси вакиллари учун яна бир ажойиб янгилик бўлди. Биз раҳбарият билан институт филиалининг очилиш маросимини шу йилнинг 28 сентябридан 3 октябригача бўлиб ўтадиган "Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказишга келишиб олдик", – деди Кинематография агентлиги раҳбари.

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари – кинокомпаниялар ва киностудияларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали ижодий кадрлар тайёрлаш, шунингдек, кинематография соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат бўлади. Филиалнинг биринчи талабалари 2021/2022 ўқув йилида қабул қилинади. Филиал битирувчилари Россия дипломига эга бўладилар, у Ўзбекистонда ҳам тан олинади.

Ўзбекистонлик талабаларни ўқитиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан қопланади. Ўқиш якунланганидан сўнг, томонлар ўртасидаги келишувга кўра, ёшлар Ўзбекистонга қайтишади ва кинематография соҳасидаги фаолиятини ўз мамлакатларида давом эттиришади.

Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, ўтган йили Москвадаги интитутга 7 нафар талаба ўқишга қабул қилинган бўлса, бу йил уларнинг сони 22 тага етган. Бу йил яна беш киши учун қўшимча жойлар очилади. Шу билан бирга, авиапарвоз, ўқиш ва ётоқхона харажатларини Ўзбекистон ва Россия томони қоплайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги 2019 йил декабрь ойида ўзбек киноижодкорларини университет базасида ўқитиш тўғрисида Бутунроссия давлат кинематография институти билан шартнома имзолагани ҳақида хабар берган эди.

Бошқа янгиликлар