Бағдод тумани "Пахтаобод" маҳалласида яшовчи Исақжон Умрдинов қатнов йўлидаги чорраҳага светофор ўрнатиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда МФЙ раиси Ваҳобжон Зияев маълум қилди.

– Исақжон укамиз – миришкор боғбон, "Исақжон мироб боғи" номли боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари. Бир неча йилдан бери муборак ҳаж зиёратига боришни ният қилиб юрибди. Туновда бир хайрли ташаббусни илгари суриб қолди: қишлоғимиздан ўтган автомобиль йўли жуда серқатнов, шу чорраҳага светофор ўрнатилса-ю, мен шунга ҳомий бўлсам, деб. Тўғриси, бутун пахтаободликлар бу эзгу ишдан севинди. Саховатпеша бойлар кўпайсин, деб дуо қиляпти халқимиз, – дейди раис.
Мазкур чорраҳа чиндан ҳам тиқилинч: бир томонда "Мулла Аълам" масжиди, нариги томонда эса 2 та мактаб жойлашган. Хуллас, бу чорраҳадан ўтиш жуда қийин эди. Исақжон аканинг беминнат кўмаги билан минглаб қишлоқдошнинг мушкули осон бўлади.
Светофор ўрнатиш ишлари бугундан бошланди.






