Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида қўмита раиси Баҳром Норқобилов ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сугуру Миязаки билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида иккитомонлама ҳамкорликнининг устувор йўналишлари, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга ошириш борасида қатор масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, ветеринария, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик ҳамда чорва озуқасини ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликда лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш, ветеринария лабораториялари моддий-техник базасини мустаҳкамлашда JICA грант маблағларини жалб этиш ҳамда соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, бу борада семинар-тренинглар ўтказиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув давомида ёш мутахассиларнинг Япония етакчи университетларида JDS дастури доирасида магистратура ва докторантура босқичларида таълим олишлари ҳамда SATREPS дастури доирасида чорвачилик соҳасида қўшма илмий-тадқиқотлар олиб боришини ташкил этиш хусусида фикр алмашилди.
Мулоқотда Сугуру Миязаки ҳозирги пайтда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва чорвачиликнинг барча тармоқларини ривожлантиришда Қўмита фаолияти алоҳида аҳамият касб этишини мамнуният билан таъкидлади.
Шунингдек, Сугуру Миязаки юқоридаги муҳим йўналишлар учун молиявий ресурслар ва грант маблағларни жалб этиш ҳамда ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишга доимо тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди ҳамда бу борада икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги Англашув Меморандумини имзолашга келишиб олинди.