Токиода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўзбек спортчиларининг юксак салоҳиятини намоён этди. Ўзбекистон атлетлари жорий ёзги Олимпия ўйинларида 3 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 32-ўринни, Паралимпия ўйинларида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медаль билан 16-ўринни қўлга киритди.
Ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ва МДҲ давлатлари орасида эса Россиядан кейин иккинчи ўринда қайд этилди.
Олдинда 2022 йилнинг февраль ойида Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинлари турибди. Айни пайтда ўзбекистонлик спортчилар бўлажак қишки Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўлланма берадиган мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда.
Ўзбекистон делегацияси ҳисобида қишки Олимпия ўйинларида битта олтин медаль ва фристайл бўйича жаҳон чемпионатларида қўлга киритилган медаллар бор. Бундан ташқари, Осиё ўйинлари ва бошқа халқаро мусобақаларда ўзбекистонлик фигурали учиш усталари 70 дан ортиқ медални қўлга киритган.
Республика раҳбарияти мамлакатда қишки спорт турларини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш бўйича барча чораларни кўрмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда 2020-2023 йилларда қишки спорт турларини ривожлантириш дастури қабул қилинган. Унинг доирасида мамлакатимиз ҳудудларида замонавий спорт анжомлари билан таъминланган, халқаро стандартларга жавоб берадиган ёпиқ музли майдонлар қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, спортчиларни қишқи спорт турлари бўйича маҳоратини ошириш бўйича хорижлик мутахассис ва мураббийлар жалб этилмоқда.
Мамлакатимиз пойтахтида «Ҳумо Арена» муз саройи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу аренада олий тоифали спортчиларни тайёрлаш учун барча шароитлар мавжуд.


Ҳукумат қарори билан Тошкент вилоятида «Амирсой» тоғ-чанғи курорти ташкил этилди. Бу ерда узунлиги 15 км дан ортиқ бўлган саккизта чанғи трассалари қурилган.









