Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан конгресс ўтказиб келинади. Бу йил бешинчи бор ўтказилаётган “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” мавзусидаги халқаро анжуманда дунёнинг 46 мамлакатидан 350 дан зиёд олим ва мутахассислар – етакчи шарқшунослар, қуръоншунослар, экспертлар, тадқиқотчилар, қўлёзмалар ва миниатюралар бўйича мутахассислар иштирок этади.
Илк бор ушбу конгресс 2017-йил май ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” шиори остида ўтган эди. Илк конгресс якунида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 300 нафардан ортиқ олим ва мутахассислар иштирокида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятини таъсис этиш бўйича декларация қабул қилинди. Aна шу масалада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома йўлланганди. Президентимизнинг бевосита ёрдами билан, бир қатор давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтган давр мобайнида Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этиш борасида жуда катта ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасининг қамрови самадорлиги йил сайин ортиб борди.
Мазкур лойиҳа доирасида айни пайтга қадар дунёнинг 20 га яқин мамлакатларига илмий сафарлар уюштирилди. Турли музейлар, кутубхоналар, илмий-маърифий масканлар, шахсий коллекциялардан Ўзбекистонга алоқадор ўн мингдан ортиқ турли экспонатлар, тарихий ашёлар, амалий ва тасвирий санъат намуналари, уй-рўзғор буюмлари, қўлёзмалар аниқланди. Ушбу топилмалар ҳақида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидан 35 та китоб-албом нашр қилинди. Ушбу китоб-албомлар мазмунини ўзида акс эттирган ҳужжатли филмлар яратилди ва намойиш қилинди.
Китоб-албомларнинг тақдимот маросими нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг турли қитъаларида ўтказилди. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган мазкур китоблар юртимиздаги ҳамда бутун дунёдаги икки юздан ортиқ кутубхоналар ва илмий-маърифий масканларга беғараз тарқатилди.
Бутунжаҳон жамиятининг конгресслари 2018-йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида, 2019-йилда Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилди. Бутунжаҳон жамияти юридик шахс сифатида 2019-йил 21-август куни Париж шаҳрида Франсия Ички ишлар вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. 2019-йил охирларида юзага келган коронавирус таҳликаси боис, 2020-йил декабр ойида тўртинчи конгресс карантин чекловлари доирасида, фақат Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Бу йилги конгресс тадбирлари 13–21-сентябр кунлари Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарлари – Тошкент, Хива ва Нукусда анъанавий тадбирга айланган маданий мерос ҳафталигининг бир қатор ёрқин тадбирлари ўтказилади






