АсосийJamiyat

Тошкентда товламачилик йўли билан ўзганинг пулини қўлга киритмоқчи бўлган йигитга ҳукм ўқилди

'Тошкентда товламачилик йўли билан ўзганинг пулини қўлга киритмоқчи бўлган йигитга ҳукм ўқилди'ning rasmi

Гиёҳвандлик — ақлдан озиш, мурдадек яшаш дегани. Бугунги кунда аср вабосига айланган мазкур иллат ёшлар ўртасида кун сайин кенг қулоч ёзиб бормоқда. Агар гиёҳванд моддалар тарихига назар солсак, улардан 600 йил илгари фойдаланиб келинган. ХIХ асрга келиб, унинг тарқалиши тезлашган ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилган. Аммо бугунги кунда таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган айрим дорилар оғриқ қолдириш, даволаш учун эмас, бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Қуйидаги воқеамиз қаҳрамонларини ҳам айнан шундай кучли таъсир қилувчи дориларга бўлган иштиёқ суднинг қора курсиси томон етаклади. 

Судланувчи Шокир Мирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Ойбек Қосимовга зўрлик ишлатиб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, унинг ёнида бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб қўяди. Шундан сўнг уяли алоқа воситасида Ойбек Қосимовни ноқонуний равишда дори воситалари сотиб юрганлигини айтиб, шериги билан бирга видео тасвирга туширади ва ушбу лавҳаларни интернетдаги ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан таҳдид қилади. Ойбек Қосимовни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, унга тегишли бўлган пулни товламачилик йўли билан қўлга киритади.

“Арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди”

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Шокир Мирзаев айбига қисман иқрор бўлди. Дастлабки тергов даврида берган кўрсатмаларини тасдиқлаб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Бир йилдан бери кучли таъсир қилувчи дори воситаларини истеъмол қилиб келаман. Дорининг хумори тутиб, танишим Шаҳло Салимовага қўнғироқ қилиб, дори топиб беришни илтимос қилдим. Шаҳло менга бундай дорини Ойбек Қосимовдан сотиб олаётганини айтиб, унинг телефон рақамини берди. Шундан кейин Ойбек Қосимовга қўнғироқ қилиб, икки-уч маротаба дори сотиб олиб, истеъмол қилдим. Шаҳлога қўнғироқ қилиб, қаердалигини сўраганимда у Ойбек Қосимов ва бошқа ўртоқлари билан биргалигини айтди. Шу орада Ойбек Қодиров Шаҳло орқали мендан йигирма минг сўм қарзим қолганлигини, қачон қайтаришимни сўради. Мен уларнинг аниқ манзилини сўраб, ўша томонга йўл олдим. Ойбекнинг арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди. Борсам, улар кўпчилик экан, мен Ойбекка ёлғиз гаплашиб олишимиз кераклигини айтиб, бошқаларни машинадан туширишини сўрадим. Иккаламиз машинага ўтириб, бошқа томонга ҳаракатландик. Мен ундан “Ёнингда дори борми?” деб сўрадим. У дори борлигини айтиб, уларни менга узатди. Мен ундан “Яна ниманг бор?” деб сўрадим. Ойбек дори олиш учун сақлаган олти юз минг сўмга яқин пули борлигини айтди. Мен ундан бу пулниям олиб, чўнтагимга солиб қўйдим. Биз машинани йўл чеккасига қўйиб, гаплашиб ўтирганимизда орқамиздан танишим Воҳид Сафаров бошқарувида бўлган машинада Шаҳло ва унинг танишлари бўлган икки нафар шахс етиб келишди. Воҳид Сафаров уларни машинада қолдириб, бизнинг олдимизга келди. У машинага ўтириб, Ойбек Қосимовга машинани ҳайдашни буюрди. Бир чеккага тўхтаганимизда Воҳид Сафаров ундан “Машинангда нима бор?” деб сўради. Ойбек юкхонада отасига тегишли олтмиш миллион сўм пул борлигини, бу пулга тегинмаслигимизни қайта-қайта илтимос қилди. Биз тушиб, юкхонани очиб кўрсак, ҳақиқатан ҳам у ерда олтмиш миллион сўм пул бор экан. Воҳид Сафаров бу пулдан беш миллион сўмини олиб, Ойбекка қараб, “Бизга кучли таъсир қилувчи дорилардан олиб келсанг, пулингни қайтариб оласан”, деб шарт қўйди. Ойбек ҳар қанча ялинмасин, пулни бермади. Шундан кейин у Ойбекни телефонига видеога олди, “Агар бировга шикоят қиладиган бўлсанг, дори сотишингни тегишли жойга айтаман” деб таҳдид қилди. Ҳозирда бўлиб ўтган воқеадан жуда афсусдаман. Қилмишимдан пушаймонлигимни ҳисобга олиб, менга енгилроқ жазо беришингизни сўрайман.

Ҳукм ўқилди

Абдулла Абдулхаев, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси:

— Юқорида номлари келтирилган ҳар уч шахс ­– Шокир Мирзаев, Воҳид Сафаров, Ойбек Қосимов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилиб, уларга нисбатан турли муддатларга озодликни чеклаш жазолари тайинланди.

Лола Шоимова, журналист

    Бошқа янгиликлар