Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 30 август куни мастлиги гумон қилинган аёл йўл-патруль хизмати ходими билан жанжаллашгани тасвирланган видео тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, 30 август куни соат 02:00 да тумандаги Ибн Сино деҳқон бозори яқинида тунги хизматда бўлган Йўл-патруль хизмати ходими Э.Худойберганов кўринишидан мастлик аломати сезилган, хатти-ҳаракатлари шубҳали бўлган аёлнинг «Matiz»ни бошқармоқчи бўлганини кўрган. «Lacetti» русумли хизмат автомобилини йўл четига тўхтатиб, аёл билан мулоқот қилган. Суҳбат давомида ходим фуқаро Д.Т.ни мастликда гумонлаб, транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаган. Шундан сўнг аёл турли сўзлар билан ходимни ҳақорат қилган.
Қайд этилишича, Д.Т. жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузгани, Йўл-патруль хизмати ходими Э.Худойбергановни турли сўзлар билан ҳақорат қилгани бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланиб, жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган. Суд аёлга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 183-моддаси (Майда безорилик) билан 5 кун муддатга қамоқ жазоси тайинлаган.






