АсосийJamiyat

Қибрайда аҳоли учун берилган ҳудуд бош режаси ҳалигача тасдиқланмаган

'Қибрайда аҳоли учун берилган ҳудуд бош режаси ҳалигача тасдиқланмаган'ning rasmi

Бугун, 9 сентябрь куни Қибрай тумани ҳокимлигида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова ва мавжуд муаммонинг ҳал этилишига масъул бўлган вазирлик ҳамда идора раҳбарларининг ўринбосарлари, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва аҳоли вакиллари иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Унда инфраструктура ва коммунал шарт-шароитлар яратилишига масъул бўлган раҳбар кадрларга бирма-бир сўз берилиб, масала юзасидан уларнинг фикрлари эшитилди. Фуқаролар ҳар бир чиқиш қилган раҳбарларга муаммони очиқ айтиб, саволлар билан мурожаат қилди.

Ўз ўрнида сенаторлар вазирлик ва идора вакилларига масалани аниқ ҳал этиш муддатини сўрадилар. 

Муҳокамалар давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 сентябрдаги 538-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан фуқаролар Тошкент вилояти ва Қибрай тумани ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилганлиги, вилоят ҳокимлиги томонидан фуқароларга ажратилган ҳудуд учун бош режа ҳали ҳанузгача тасдиқланмагани маълум бўлди.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимлиги қурилиш ишлари бўйича котибият мудири Ўктам Шамсуддинов фуқароларга берилган ернинг бош режасини 10 кун ичида ишлаб чиқиб, тасдиқланган ҳолатини тегишли вазирлик ва идораларга юборишини айтиб ўтди.

Тадбир давомида ҳар бир масъул вазирлик ва идора вакиллари масалани ҳал этиш юзасидан аниқ муддатларни айтиб ўтди.

Ўз навбатида қўмиталар раислари фуқаролар мазкур масала юзасидан Сенатга мурожаат қилганликлари учун ҳолат доимий Сенат назоратида бўлишини айтиб ўтди.


 

    Бошқа янгиликлар