Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида IT соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш, шунингдек, Президент, ихтисослашган ва санъат мактабларида таълим сифатини ошириш масалаларига қаратилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг хабар қилишича, йиғилиш авввалида давлат раҳбари ва БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад Абдулла ал-Гергави ўртасида видеоконференц алоқа орқали суҳбат бўлиб ўтди. Унда БАА вакили 2019 йилдан бери Ўзбекистон билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари ўзининг ижобий самарасини бераётгани, бу икки давлат учун ҳам манфаатли бўлаётганини таъкидлади.
Келтирилишича, барча соҳа ва ҳудудларда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ҳозирга қадар ҳудудларда 89 та, тармоқларда 200 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган. Йил бошидан буён:
- IT-парк резидентлари сони 35 фоизга кўпайиб (482 та), уларда 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган;
- Ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар ҳажми 2,4 бараварга, уларнинг экспорти 3,3 бараварга ошиб, 26 миллион долларга етган.
Келгуси 3 йилда иқтисодиёт соҳаларида яна 300 та янги лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бу борада Дубай Келажак Фонди иштирокида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини бошланган.
Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида 567 минг ёшлар учун бепул таълим олиш имконияти яратилиб, уларнинг 217 минг нафари сертификатларни қўлга киритдилар.
Вилоятлар кесимида:
- Навоий - 51 минг нафар;
- Андижон - 41 минг нафар;
- Қорақалпоғистонда - 18 минг нафар сертификат олган ёшлар сони энг кўп.
Эътиборли жиҳати – лойиҳа иштирокчиларининг 446 минг нафарини (79 фоиз) мактаб ўқувчилари ташкил этади.
“Фурсатдан фойдаланиб, замонавий IT, қайта тикланувчи энергия манбалари каби энг илғор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, Янги Ўзбекистон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукуматига ташаккур изҳор қиламан”, - деди президент.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги 179-мактаб (ўқувчиларнинг 80 фоизи), Қўшкўпир туманидаги 34-мактаб (65 фоиз), Навоий шаҳридаги 8-мактаб (45 фоиз) энг фаол мактаб сифатида намуна кўрсатган.






