Бугун, 10 сентябрь куни пойтахтда “Medion innovation” клиникасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Очилиш маросимида Сенат аъзолари, ҳукумат мутасаддилари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу муассаса 50 ўринга, шундан 10 таси реанимация бўлимига мўлжалланган. Асосан кардиохирургияга ихтисослашган бўлса-да, 20 га тиббий йўналишда хизмат кўрсатилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар яқин кунларда “Меҳрли юрак” фонди билан ҳамкорликда 10 нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзоларида жарроҳлик амалиётини ўтказиш режалаштирилгани, Россия, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Украина давлатларидан келган мутахассислар ҳам фаолият юритиши, беморларни тиббий ўтказишини таъкидлади.
Шунингдек, жорий йилнинг 20 август куни давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор йўналишлари сифатида белгилангани, ушбу клиника ҳам тадбиркорлар, шу жумладан, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида берилаётган имкониятлар натижаси эканлиги қайд этилди.






