“Сувар ал-кавакиб ас-сабита” (“Қўзғалмас юлдузлар тасвири”) астрономик асари ноёб қўлёзмалар сирасига киради.
Китоб ўзбек заминининг буюк мутафаккири Мирзо Улуғбекнинг буюртмаси билан яратилганига шубҳасиз далиллар ҳам мавжуд. Унда Мирзо Улуғбекнинг Сефей юлдузлар туркуми шаклида тасвирланган миниатюраси, тилла билан битилган ёрлиқ ва китоб эгаси “тахтдаги олим” эканлигини таъкидловчи бошқа белгилар мавжуд.
“Ўзбекистон маданий мероси - Янги Ренессанс пойдевори” V Халқаро Конгресси доирасида буюк ҳукмдор ва олим Мирзо Улуғбекнинг буйруғи билан махсус тайёрланган ушбу ноёб қадимий қўлёзманинг факсимиле нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу қадимий қўлёзманинг факсимиле нусхаси Aвстриянинг Mueller&Shindler нашриёт уйи томонидан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида нашр этилган.
Aсар муаллифи — Χ асрнинг машҳур астрономи ва мунажжими Aбдурраҳмон ибн Умар ас-Сўфий. “Қўзғалмас юлдузлар тасвири” ўрта асрлар астрономиясининг энг буюк асарларидан бири сифатида эътироф этилган. Ушбу асар ўз астрономик жадвалларини яратиш устида фаолият олиб борган олим Мирзо Улуғбекка ёрдам берган. Қўлёзма шахсан Мирзо Улуғбек буюртмаси билан яратилган бўлиб, унинг қўли билан ёзилган белгиларни ҳам ўз ичига олади.
Ушбу қўлёзма Франция Миллий кутубхонаси фондида сақланмоқда.
“Биз Франция Миллий кутубхонаси билан бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. “Қўзғалмас юлдузлар тасвири” асарининг факсимиле нусхаси ҳамкорлик натижасида тайёрланган иккинчи нашр. Ундан олдин биз машҳур “Меърожнома” диний -фалсафий асарининг факсимиле нусхасини яратганмиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахсий кўмаги ва Aвстриянинг "Mueller&Shindler" нашриёти туфайли бутун дунё олимларнинг орзулари рўёбга чиқаётганидан чексиз бахтиёрмиз, чунки қилинаётган ишлар мамлактимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш учун жуда муҳим. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишда ўз ёрдамини аямагани учун Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва “Eriell Group нефт-сервис компаниясига Бутунжаҳон жамияти номидан миннатдорчилик билдираман. Факсимиле нашрларнинг қиймати шундаки, улар асл қўлёзма қандай кўринишга эга эканлиги ҳақида деярли юз фоиз тасаввурга эга бўлиш учун ёрдам беради”, - дейди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Бошқаруви раиси Фирдавс Aбдухолиқов.






