АсосийJamiyat

20 сентябрдан президентликка номзодлар сайловолди ташвиқотларини бошлашади

'20 сентябрдан президентликка номзодлар сайловолди ташвиқотларини бошлашади'ning rasmi

Бугун Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида маъсуллар ва ОАВ вакиллари иштирокида  навбатдаги йиғилиш ўтказилди. Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раис ўринбосари Баҳром Қўчқоров олиб борди.

Йиғилишда иштирок этган darakchi.uz мухбирининг маълум қилишича,   мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти, сайловда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари жой олган.

" - Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. Бу қоидага асосан 23-24 октябрь кунлари сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди", -  деди Марказий сайлов комиссиясининг котиби Худоёр Маматов.

Таъкидланганидек, ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш мумкин эмас.

    Бошқа янгиликлар