“Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги Ҳукумат қарори (575-сон, 17.09.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қарор билан тасдиқланган “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисидаги низомга кўра, мазкур интернат уйларига:
● парвариш қилиш шарт бўлган 1-даражали қариндоши ёки васийлари бўлмаган ёлғиз кексалар;
● 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлар;
● ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз I гуруҳ ногирон кексалар жойлаштирилади.
Қуйидагилар “Саховат” интернат уйларига қабул қилишга қарши кўрсатмалар ҳисобланади:
● тутқаноқ бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик;
● руҳий касалликлар;
● сил касаллиги;
● юқумли тер ва соч касалликлари;
● ўткир юқумли касалликлар;
● салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
● таносил касалликлари.
Қарор билан шунингдек, қуйидаги низомлар тасдиқланди:
- “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисида;
- “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйлари тўғрисида;
- Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар тўғрисида;
- Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати тўғрисида.






