Ўзбекистон футзал терма жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 3-тури доирасида 18 сентябрь, шанба куни Мисрга қарши баҳс олиб борди.
Учрашув тезкор гол билан бошланди. 2-дақиқада Ҳусниддин Нишонов кучли зарбаси билан ҳисобни очди. Биринчи бўлим якунида эса Мустафа Эид ўзбекистонлик футзалчиларнинг хатоси туфайли мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди.
34-дақиқада Анасхон Раҳматов ён чизиқдан оширилган тўпни супер зарбаси билан мисрликлар дарвозасига жойлаб қўйиб, Ўзбекистонга ғалаба келтирди.
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида РФИ (Россия) Гватемалани 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шу тариқа Ўзбекистон B гуруҳида 3 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Дастлабки икки баҳсда Ўзбекистон РФИ (2:4) ва Гватемалага (4:5) мағлуб бўлганди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон футзал терма жамоаси ўз тарихида илк марта Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига йўл олди. Ўзбекистон 2016 йили Колумбияда ўтган ўзининг биринчи Жаҳон чемпионатидаги иштирокини гуруҳ босқичида якунлаганди.






