Тошкентдаги Адиблар хиёбонида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК томонидан Тошкент тиббиёт академияси билан ҳамкорликда суратга олинган «Ўзбекнинг Зулфиясиман» ҳужжатли фильми премьераси бўлди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Кинокартина Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган.
Картинада шоира ҳаёт йўли тўлақонли акс эттирилган. Унинг ижодий мероси, жамоат арбоби сифатида қилган ишлари алоҳида эсланилган. Фильмда архив кадрларидан унумли фойдаланилган.
– Шоира Зулфияхоним Исроилова шахси ҳар бир аёл учун ибратли ва ҳавас қилгуликдир, – дейди актриса Лола Элтоева.– Ҳужжатли фильмда шоира образини гавдалантирдим. Бу менда ўзгача фахр туйғусини беради. Шу билан бирга катта масъулият. Шоира ҳаёт йўли акс этган бадиий фильмда ҳам шу образни яратган эдим. Ижро этган ролларим орасида иккала образ алоҳида ажралиб туради. Ролни севиб ижро этдим. Зулфия образида яшадим. Унинг дардини ҳис қилдим.

Премьерадан аввал шоира ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди ва ижодидан намуналар тингланди. Фильм сценарий муаллифи Шуҳрат Ризаев ва ижодий жамоа картинани суратга олиш жараёнлари ҳақида маълумот берди.
Ҳужжатли фильм режиссёри Наврўза Бийназова, оператор Азиз Арзиқулов, композитор Жамшид Изамов, рассом Сожида Ҳасанова, продюсер Аҳмад Унарбоев. Картинада Лола Элтоева, Шаҳноза Ҳожимуродова, Аниса Мансурова ва бошқалар роллар ижро этган.






