Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган II “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” доирасида концерт дастурлари, илмий-амалий конференциялар билан бир қаторда сайллар ҳам ташкил қилинган. Савицкий музейи одидаги кенг майдонда барча вилоятлардан келган фольклор жамоалари, санъаткорлар ва DJ лар сайлга келган юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонларга турли хил чиқишлари билан кайфият улашишмоқда. “Даракчи” таҳририяти бу фестивалга келолмаган, лекин қизиқаётганлар учун ушбу фоторепортажни тақдим этади.
Кенг майдон барча вилоятларга бўлиб берилган. Ҳар бир павильонда вилоятлар ўз ҳудуди, тарихи ва маданиятини акс этган макетлар, декорация ва саҳна безаклари билан безатилган.
Нукусга “кўчган” Бухоро
Эътиборимизни тортган павильонлардан бири – бу Бухоро вилояти бўлди. Сабаби, кўҳна Бухоронинг барча тарихий объектлари Нукусга “кўчириб келинган”.


Бухоро вилояти Маданият бошқармаси директори Шавкат Раҳмоновнинг айтишича, Бухоро павильонидаги барча безаклар қўл меҳнати асосида яратилган ва шу томони билан ҳам бу майдон бошқа вилоятларникидан ажралиб турибди.

“Ҳавода муаллақ турган аллома”, “ҳавода ўтирган Насриддин Афанди” персонажлари деярли барчанинг эътиборини тортиб, бунинг сирини ҳар ким ўзича талқин қилиб, меҳмонларни ўйлантиришга ҳам ундамоқда. Креатив ёндашув!


Майдон марказида эса турли саҳна кўринишлари ва концерт дастурларини ўтказиш учун саҳна, “Хон образи” ва катта ўлчамда ишланган ўзбек миллий чолғу асбоблари комбинациясини кўриш мумкин.


“Тирилган” Амир Темур
Қашқадарё вилояти майдонига ўтар экансиз, Соҳибқирон Амир Темур образини гавдалантирган актёрнинг қиёфасини кўриб, ҳайратланмасдан илож йўқ - бизнинг кўзимиз ўрганган Амир Темур сиймосига шунчалик ўхшашки, қаршингизда ҳақиқий Соҳибқирон тургандек бўлади.

Шунингдек, бу майдонда бошқалардан фарқли ўлароқ, миллий қаҳрамонларимиз ижросида қўғирчоқ театри ҳам қўйилмоқда.

Сомонсувоқли овул
Сурхондарё. Ранг-баранг бойсуни дўппилар савдоси авжида.


Сомонсувоқли уйлар макетлари эса, ҳудди аслидек Сурхон сўзаналари билан безатиб қўйилган.


Эътиборлиси, Сурхондарё павильонида Милодий 1-2 асрларга тегишли бўлган “Мусиқачи аёллар” Айритом фризининг макети ҳам жойлаштирилган.

Регистон, нонлар, ва албатта, Самарқанд



Бу безаклар Самарқанд вилояти павильонини безаб турибди.
Умуман, майдонни айланар экансиз, ҳар бир вилоятнинг ўзига хос муҳити имкон қадар яратилганининг гувоҳи бўласиз. Қолган таъриф ва таасуротларнинг ўзингизга қолдирамиз.












Айни пайтда II “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтиши кутиляпти. Бу ҳақда тез орада маълумот берамиз.

Сардорбек Раҳмонқулов






