Президент таълим муассасалари агентлиги нафақат ўқувчиларга сифатли таълим бериш, педагогларнинг малакасини ошириш билан, балки, мактаблар учун ихтисослик дарсликлари яратиш билан ҳам шуғулланади. Кеча Агентлик томонидан яратилган шундай янги замон дарсликларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ижод мактаблари учун махсус яратилган 2 та “Адабиёт” дарслиги ва 1 та “Матншунослик” дарслиги ўз йўналишида янгилик бўлди дейиш мумкин.
“Адабий лаборатория”га эга дарсликлар
Ушбу дарсликларда одатий дарсликлар каби фақатгина савол-жавоб усулидан фойдаланилмайди, балки ижод мактаблари учун илк маротаба адабиёт дарслигига “Адабий лаборатория”, электрон ва аудио китобларнинг QR кодлари берилди. Бунда ўқувчиларнинг адабиёт дарсларида фақатгина мутолаа билан эмас, балки ишлаб чиқаришга йўналтирилган тадқиқотлар билан ҳам шуғулланиши кўзда тутилган. Жумладан, ўқувчилар аудио матн, китоб трейлери каби бир қанча усулларда китобхонликни тарғиб қилувчи материалларни яратади. Янги дарсликлар бадиий асарни таҳлил қилиш, аннотация, тақриз, ҳикоя ёзиш ҳамда турли қўлёзма манбалар устида ишлаб, насх ва настаълиқ хатини ўргатиш, ижодкор ёшларни матншунослик соҳасига қизиқтиришни мақсад қилган.
Биринчи марта адабиёт дарслигининг ўзида электрон ресурслар учун имконият яратилди, ҳар бир мавзуда интернет кутубхоналарида мавжуд бўлган электрон ва аудио китобларнинг QR кодлари берилди. Бундан ташқари дарслик орқали бир вақтнинг ўзида ўрганилаётган асарнинг видеофильм, спектакл вариантлари билан ҳам танишиб бориш имконияти яратилди.
Ҳар бир мавзу санъат асарлари намуналари (тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, театр, кино, клип) билан боғланган. Ўқувчилар бадиий асарни санъат намуналари билан солиштириб, таҳлил қилади. Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида аннотация, тақриз, ҳикоя ёзиш сингари топшириқлар берилган.
Эски ўзбек ёзувини ўргатишга қаратилган илк дарслик
“Матншунослик алифбоси” дарслиги мактаб ўқувчиларига эски ўзбек ёзувини ўргатишга қаратилган биринчи дарслик бўлиб, ўқувчиларни фанга қизиқтириш ва тафаккурини кенгайтириш учун шеърий қоидалар, чистонлар (топишмоқлар)дан фойдаланилди. Китобнинг тайёрланишида бир нечта хаттотнинг каллиграфик машқларидан фойдаланилган. Ўқувчилар турли қўлёзма манбалар устида ишлаши орқали уларни матншунослик касбига йўналтириш эътиборга олинган.






