АсосийЖАМИЯТ

Сиэтл шаҳри 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консулхонаси фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилган.

'Сиэтл шаҳри 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди'ning rasmi

АҚШнинг Сиэтл шаҳри мэри Кети Б. Уилсон 2026 йил 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда шаҳар мэри томонидан имзоланган махсус прокламацияда қайд этилган.

Ҳужжатда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги алоҳида таъкидланган. Шунингдек, мамлакат ушбу давр мобайнида суверенитетни мустаҳкамлаш, тараққиёт ва кенг кўламли ўзгаришлар йўлидан бораётгани қайд этилган.

Прокламацияда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат экани, мамлакат иқтисодиёти йилига ўртача 5–6 фоиз ўсиб бораётгани ҳамда очиқ бозор ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани таъкидланган.

Шунингдек, Ўзбекистон қадимий Ипак йўли марказида жойлашгани ва бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ истеъмолчини қамраб олган минтақа учун стратегик дарвоза вазифасини бажараётганига урғу берилган.

Бу ҳолат Сиэтл бизнес ҳамжамияти учун савдо, инвестиция, логистика, технология ва энергетика соҳаларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта имконият яратиши қайд этилган.

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консулхонаси фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилган. Қайд этилишича, консулхона икки томон ўртасида одамлар, бизнес ва давлат идоралари даражасидаги узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу тариқа, Сиэтл шаҳри Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини эътироф этиб, 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” сифатида белгилади.

    Бошқа янгиликлар

    Сиэтл шаҳри 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди - Darakchi.uz