Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни Сингапур Республикаси Катта вазири Ли Сянь Лун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Ли Сянь Лун Сингапур Президенти Тарман Шанмугаратнам ва Бош вазир Лоуренс Вонгнинг Ўзбекистон Президентига самимий саломи ҳамда эзгу тилакларини етказди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётгани қайд этилди. Сиёсий мулоқот ва турли даражалардаги икки томонлама алоқалар фаол давом эттирилмоқда.
Сингапурнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган. Шунингдек, икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони ҳам ортиб бормоқда.
Учрашувда Сингапур ишбилармонларининг Ўзбекистондаги инвестициявий фаоллигини янада кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар савдо ва инвестициялардан ташқари, технологиялар трансфери, давлат бошқарувини модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш ва рақамлаштириш соҳаларида стратегик ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
Шунингдек, Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, Тошкент халқаро молия маркази ва рақамли банк тизимини ривожлантиришда Сингапур тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Сингапур олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам давом эттирилиши таъкидланди.
Томонлар юқори даражада эришилган келишувларнинг ижросини мунтазам муҳокама қилиб бориш ва қўшма режаларни мувофиқлаштириш учун сиёсий ҳамда иқтисодий тузилмалар ўртасида доимий мулоқот ўрнатиш муҳимлигини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТнинг Медиaция тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилгани ҳам олқишланди.
Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.






