АсосийЖАМИЯТ

Фарғонада овқатланиш маскани 1 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

'Фарғонада овқатланиш маскани 1 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди'ning rasmi

Фарғона туманидаги овқатланиш маскани табиий газ тармоғига ноқонуний уланган ҳолда қарийб 1 млрд сўмлик газдан фойдаланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ хабар берди.

Маълум қилинишича, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Фарғона туманида назорат тадбири ўтказган.

Текширув давомида туманнинг “Бўстон” МФЙ, Етти чинор кўчасида жойлашган овқатланиш маскани лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газ тармоғига тўғридан-тўғри улангани ва газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинган. Натижада 1 млрд сўмлик газ учун зарар ҳисобланган.

Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

    Бошқа янгиликлар