Самарқандликлар билан учрашувда Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушининг оғир йилларида Самарқандга эвакуация қилинган 165 минг кишига бошпана бериб, улар билан сўнгги бурда нонини баҳам кўрган Самарқанд халқи ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири
Бунга мисол тариқасида у жангларда қаҳрамонлик кўрсатиб, “Қизил юлдуз” ордени ва “Жасорат учун” медали билан тақдирланган, урушдан ногирон бўлиб қайтган Ҳамид Самадов ва унинг умр йўлдоши Санобар Самадова билан бирга ўзининг 6 фарзанди ёнига турли миллатга мансуб 13 нафар етим болани олиб, вояга етказгани, каттақўрғонлик фидойи ва жонкуяр аёл, ўша суронли йилларда колхоз раиси бўлиб ишлаган Фотима Каримова ҳам 10 нафар етим болани ўз қарамоғига олиб, тарбия қилганини ёдга олди.
Шунингдек, президент меҳрибонлик уйлари ҳақида ҳам айрим воқеаларни хотирлаб: “Самарқанддаги меҳрибонлик уйларини мендан яхши биладиган одам йўқ. Биринчи марта келганимда у жойларга кириб бўлмасди. Бир туман прокуратураси чиройли бинода ўтирган эди. Қаровсиз меҳрибонлик уйини ўша бинога кўчиртирдим. Ўшанда биринчи марта республиканинг собиқ прокурори билан “сан-ман”га бордик. “Мен шу вилоятда ҳокимман, ўзим учун қилмадим, болалар учун, халқ учун қилдим” дегандим. Улар ҳам бизнинг фарзандларимиз. Уларнинг ҳам Худодан умиди бор”, - деди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Наманган вилоятидаги Меҳрибонлик уйига борганидан сўнг 37 та оила у ердан фарзандларини олиб кетган.






