Хоразмда фуқаро хонадонида 230 кг яроқсиз гўшт сақлаётгани аниқланди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси бу ҳақда хабар қилди.
Унга кўра, Давлат ветеринария хизматининг ИИБ Карантин бўлими ходимлари билан ҳамкорликдаги рейд тадбирлари ўтказилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган тадбир доирасида Хоразм вилоятининг Хонқа туманида яшовчи фуқаронинг хонадони кўздан кечирилган.
Текширувлар давомида фуқаро келиб чиқиши номаълум бўлган жами 230 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини сақлаб келаётганлиги маълум бўлган.
Ушбу гўшт маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.






