Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқни табриклади. Давлат раҳбари табригида давлат тилига ҳурмат, таълимда саводхонликни ошириш, ўзбек тилининг рақамли муҳитдаги имкониятларини кенгайтириш ва ёзув масалаларига тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев давлат идоралари тилга муносабат борасида бошқаларга намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.
"Давлат идоралари бу борада намуна бўлиши шарт. Қонун, қарор, йўриқнома ва мурожаатларга жавоблар равон, аниқ ва тушунарли тилда ёзилиши керак. Фуқаро ўзининг ҳақ-ҳуқуқи ёки мажбуриятини англаш учун ортиқча қийинчиликка дуч келмаслиги лозим. Давлат тилига ҳурмат давлат хизматининг сифатида ҳам кўриниши керак", — дейилади табрикда.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, таълимда ўқувчиларнинг ўқиш, тушуниш, гапириш ва саводли ёзиш кўникмаларига асосий эътибор қаратиш зарур. Ўзбек тилини она тили сифатида ўрганаётган болалар билан уни давлат тили сифатида ўзлаштираётган ўқувчиларнинг эҳтиёжларини фарқлаш, дарсликлар ва ўқитиш усулларини янгилашда буни ҳисобга олиш лозим.
Шунингдек, ўзбек тилида замонавий илмий манбалардан фойдаланиш ва тадқиқот натижаларини баён этиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, тиббиёт, муҳандислик, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ишончли адабиётлар, сифатли таржималар ҳамда электрон ресурсларга эҳтиёж борлиги қайд этилди.
Мирзиёев ўзбек тилидан рақамли муҳитда тўлақонли фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарурлигини ҳам билдирди.
"Яна бир долзарб вазифа — ўзбек тилидан бугунги рақамли муҳитда ҳам тўлақонли фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришимиз зарур. Бунинг учун сифатли матнлар ва нутқ намуналарини жамлаш, электрон луғатлар, таржима ва таҳрир воситаларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга", — дейилади табрикда.
Шу билан бирга, нутқни матнга ва матнни овозга айлантирадиган технологияларни ривожлантириш, бундай ресурсларни яратишда муаллифлик ҳуқуқи ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
"Сунъий интеллект воситаларининг давлат тилидаги сифати уларнинг инсонга қанчалик аниқ ва фойдали ёрдам бераётгани билан баҳоланади", — деди давлат раҳбари.
Президент ёзув ва имло масалаларида ҳам одамлар учун қулайлик асосий мезон бўлиши кераклигини қайд этди. Бу борадаги ечимлар илмий асос, жамоатчилик билан мулоқот ва амалий тайёргарликка таяниши, таълим, нашриётлар ва рақамли тизимлар ўртасидаги мувофиқлик ҳамда турли авлодлар эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим.
Шунингдек, хорижда ўзбек тилини ўрганиш ва тадқиқ этишга бўлган қизиқишни рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, Оксфорд университетидаги "Ўзбекшунослик дастури" каби ҳамкорлик йўналишлари тил ва таржима соҳасидаги халқаро мулоқотга хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди.
Табрик якунида Мирзиёев ўзбек тили равнақи йўлида меҳнат қилаётган олимлар, муаллимлар, таржимонлар, адиблар, журналистлар, ноширлар ва ахборот технологиялари мутахассисларига миннатдорлик билдирди.






