Айни дамда Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.
Унга асосан, 2 та кодекс ҳамда 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан депутат ёрдамчиси бўлиш учун қўйиладиган талаблар, уларнинг вазифалари, депутат ёрдамчисини ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ норма чиқариб ташланмоқда. Ушбу норма “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга киритилмоқда. Шунингдек, солиқ тўловчилар солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётгани боис, уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжат билан Божхона кодексида товарларни импорт қилиш билан уч йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда.
"Ушбу ўзгаришларнинг киритилиши тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли орасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар хил талқин қилинишининг олдини олишга ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жозибадорлиги ошишига хизмат қилувчи аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллашишига олиб келади.
Қонун сенаторлар томонидан томонидан маъқулланди",–дейилади хабарда.