Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали шифокорлари онкологик касалликлар билан оғриётган беморларни даволаш, уларни умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсадида Чехия давлатида ишлаб чиқарилган, қиймати 1 миллион 400 минг АҚШ доллари бўлган “КОБОЛЬТ-80” гамма-нур терапия аппарати олиб келиб ўрнатилган эди.
Эътиборлиси, сирдарёлик онкологлар қисқа вақт ичида ушбу тиббий ускуна ёрдамида онкологик касалликларга чалинган 160 нафардан ортиқ беморга дистанцион нур терапия муолажаларини ўтказди.
Бундан ташқари, муассасанинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, тури ва кўламини янада кенгайтириш мақсадида 5 миллиард сўмдан иборат 16 турдаги 22 та тиббий асбоб-ускуна келтирилди.
Бу эса шифокорлар ишини енгиллатиб, касалликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имконини бермоқда.
Хусусан, айни пайтда кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи, қўл ва оёқ соҳасидаги юқори технологик операциялар ана шу илғор технология имкониятларидан фойдаланилган ҳолда шу ернинг ўзида маҳаллий онколог мутахассислар томонидан ўтказилмоқда.
Беморларнинг овора-ю сарсон бўлиб, узоққа боришларига, даво муолажалари олиш учун навбатда туришларига сира ҳожат қолмади. Улар ўз саломатликларини шу ернинг ўзида тиклаши мумкин.
Бунинг учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида барча имкониятлар яратилган.