1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни. Ушбу кун юртимизда давлат даражасидаги тантана сифатида ҳар йили кенг нишонланади. Таълим даргоҳларида ҳақиқий байрам шукуҳи акс этади. Мактаб таълимини олган инсон борки, ўзининг камол топишида беминнат ҳиссаси бўлган устозларини шу кунда бир ёдига олиши шубҳасиз. Биз ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрнига эга, эл эътиборидаги инсонларнинг устозлари билан боғлиқ хотираларига қизиқдик, уларнинг дил сўзларини тингладик.
“УЛАРНИНГ ЁРДАМИ БИЛАН БУГУН МАНА ШУ ДАРАЖАГА ЭРИШГАНМАН”

Шерзод ШЕРМАТОВ, Халқ таълими вазири:
- Мен Тошкентдаги оддий ўзбек мактабида таҳсил олганман. Ҳар бир фан бўйича бизда чуқур билим берадиган кучли ўқитувчилар бор эди. Мактабда инглиз тилини яхши билганим туфайли АҚШнинг нуфузли университетига ўқишга кирганман ва у ерни битирганман. Устозларимга келсак, мен уларнинг ҳар бири билан фахрланаман ва ҳар бирига миннатдорлигимни изҳор қиламан. Уларнинг ёрдами билан бугун мана шу даражаларга эришганман.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни - бутун ўзбек халқи учун энг азиз ва севимли байрамлардан бири. Бу байрам яна бир бор УСТОЗ касбига меҳр ва муҳаббат уйғотади, устозларимизга эса яна бир бор ишига масъулият юклайди.
Азиз ўқитувчиларимизга ҳар бир битирувчининг муваффақиятига сабабчи бўлишларини тилайман. Чунки ҳақиқий устоз ҳеч нарсадан тўхтамайди. У болаларни ва касбини севгани учун ишлайди. Мен мамлакатнинг барча халқ таълими ходимларини, ўқитувчи ва мураббийларни ва ҳатто ота-оналарни ҳам ушбу кун билан муборакбод этаман!
“ҲОЗИРГАЧА ХОРАЗМГА БОРГАНИМДА УЛАРНИ ЙЎҚЛАБ ТУРАМАН”

Русланбек ДАВЛЕТОВ, Адлия вазири:
— Мен ҳам оддий болалардек (юзига табассум югуради) жуда шўх, тўполончи, бебош эдим. Болалигим жуда завқли ўтган. Синфдош қизларимизни ҳам кўп хафа қилардим. Балки ҳозир улар интервьюни ўқиётиб, буни эслашар. Мактабимиз ўзим туғилиб ўсган Шовот туманидаги қишлоқдан нақ уч километр олисда, Туркманистон билан чегара бўлган ҳудуддаги 31-сон мактаб эди. Биринчи устозим, бизга илк ҳарф танитган инсон – Хонимжон опани кўп эслайман. Менинг ҳаётимда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ўқитувчиларимдан бири биринчи устозим бўлса, кейингиси рус тили ўқитувчимиз бўлади. Бу инсон ҳам кучли педагог бўлган. Ҳозиргача Хоразмга борганимда уларни йўқлаб тураман. Шунингдек, француз тилидан дарс берган устозимни ҳам яхши эслайман. Ҳамманинг ҳаётида ҳам биринчи устозининг таъсири ҳар хил бўлади. Менинг ҳуқуқшунос бўлишимда лицейдаги ўқитувчиларимнинг таъсири катта бўлган.
Бутун борлиғини, меҳрини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳамиша юксак баҳоларга муносибдир. Азиз устозлар машаққатли меҳнатингизни доимо қадрлайман. Шахсан ўзим номимдан Сиз азизларнинг келажак эгалари камолоти йўлидаги буюк хизматларингизга муваффақият тилайман.
"ЎШАНДА МУХРИДДИН ХОЛИҚОВДАН ХАФА БЎЛГАНДИМ..."

Озодбек Назарбеков, Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти:
— Мени “мен” бўлиб шаклланишимда жуда кўп устозларимнинг меҳнати сингган. Улар орасида юрагимдан чуқур жой олган, мени орзуларим томон тўғри ва ҳалол йўлдан етаклаган устозим — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ўзбек халқининг суюкли фарзанди марҳум санъаткор Муҳриддин Холиқовни ўзгача меҳр билан хотирлайман. Пойтахтга келиб, у кишига шогирд тушдим. Шу кундан бошлаб устозимга, унинг санъатига тақлид қила бошладим. Анча машғулотлардан сўнг бирор қўшиқни ижро этсам атрофдагилар овозим ҳам, ҳаракатларим ҳам худди Муҳриддин Холиқовникидек эканлигини эътироф эта бошлашди.
Шунда устозим айтдиларки, "Мени қўшиқларимни айтиб юришингга қаршимасман, кимнидир овозини маҳорат билан ўхшатиш яхши нарса албатта. Аммо, Муҳриддин Холиқов бу жамиятда аллақачон бор. Сен унинг соясида қолиб кетишинг керак эмас, санъатда ўз йўлинг, ўз изингни топишинг лозим. Санъат соҳасида ҳар бир санъаткорнинг овози, ижро маҳорати ва илми бўлиши шарт. Кун келиб, халқ сени Муҳриддин Холиқовни шогирди эмас, Озодбек Назарбеков сифатида таниши керак. Бугундан бошлаб ўз йўлингни, ўз ижро услубингни топишга ҳаракат қиласан" деб қатъий шарт қўйдилар. Ўшанда устозимдан бироз хафа бўлган, ижодимни қайта нолдан бошлаган бўлсамда, орадан йиллар ўтиб билдимки, у киши менга энг тўғри йўлни кўрсатиб, ўзлигимни топишимга, бу соҳада ўз ўрним, овозим ва ижро йўналишимни шакллантиришимга туртки берган экан. Буни тушунганимдан сўнг, устозимга меҳрим яна бир карра ортди. Шу хотираларим уйғонганда ўйлаб қоламан, бошқа инсон бўлганида эди, менинг унга тақлид қилишимга индамас, бугун Озодбек Назарбеков эмас, тақлидчи санъаткор бўлишимга қўйиб берарди.
“ЭНГ ҚАТТИҚҚЎЛ ЎҚИТУВЧИ СИФАТИДА ЎЗ ОТАМНИ БИЛАМАН”

Расул КУШЕРБАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Мактаб хотиралари кўп устозларим билан боғлиқ. Кўпчилигини эслайман. Масалан, биринчи ўқитувчим Ҳалима опа, кейинчалик Гулнора опа, тарих ўқитувчиларимиз Фарҳод, Маҳмуд, Дилшод ака, жисмоний тарбия ўқитувчиларимиз Қурбон, Эркин акаларни эслаб тураман. Яна рус тили ва адабиёти ўқитувчимиз Любовь Александровнани кўп хотирлаб тураман. Уларнинг саъй-ҳаракатлари сабабли мен рус халқи ва рус адабиётига меҳр қўйганман.
Мактаб даврида энг қаттиққўл ўқитувчи сифатида ўз отамни биламан. У киши рус тили ва адабиёти фанидан қисқа вақт бизга дарс ўтганлар. Ва дарс давомида қолганлардан кўра менга икки ҳисса талабчан ва баҳолашда имкон қадар максимал даражада камчиликларни топиб, сўнг баҳо қўярдилар. Мактаб даврида мажбурий шеър ёдлашни ёмон кўрардим. Бироқ насрий асарлар, ҳикоя, қисса, романлар ўқишдан тўхтамасдим. Шу боис, адабиёт дарсларида шеър ёдламаганим учун дастлаб бир-иккита “икки” баҳо олсам, сўнг бошқа дарсларда қайсидир қисса ёки романни ўқиб келиб, айтиб берганим учун “беш” олардим. Якунида эса “икки”га “беш”ни қўшиб чораклик баҳоим кўп ҳолларда “уч”га ёпиларди. Ҳар замон “тўрт” ҳам бўлган. Мактаб давридаги деярли барча ўқитувчиларимни эслаб юраман ва ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрнимни топишимда ўрни бор, деб ҳисоблайман.
Ўйлайманки, устозларнинг берган таълим ва тарбиялари учун ҳар биримиз улар олдида қарздормиз, улар ҳамиша бизнинг ҳурмат ва эътирофларимизга энг муносиб инсонлардир.
“МЕНИНГ МУАЛЛИМИМ – ҲАЁТ”

Усмон АЗИМ, Ўзбекистон Халқ шоири:
- Инсоннинг ҳаётида муаллим кўп бўларкан -- ўқиган китоби, кўрган-кузатганлари, атрофидаги одамларнинг сабоқларию мактабдаги муаллимлар… Мактабда муаллимлардан сабоқ оларканмиз, ҳар бирининг ўз ўрни бор. Бировини гапирсанг, алоҳида эсласанг, бошқа бири хафа бўладигандек, унинг фарзандлари, набиралари мени бобомни эсламабдилар дегандек туюлади. Бойсун кичкина жойда… Етмаганига тоғаларим, опам мактабимизда муаллимлик қилишган, уларнинг аксарияти тил-адабиётдан эмас, аниқ фанлардан дарс беришарди. Мен ҳам математика, физикага қизиқардим, ҳатто, мени математик бўлади деб ўйлашарди.
Мактабга олти ёшимда чиққанман. Урушдан кейинги даврлар -- одамларнинг ҳаёти оғир, болалар ҳам кам бўларди, биринчи синфда 12 нафар ўқувчи ўқиганмиз. Ислом Арслонов деган муаллим биринчи синфда дарс берган.У пайтлари болаларни эркалатиш, папалаш деган нарсалар жуда нисбий эди. Ёмон ўқиганлар синфдан-синфга кўчирилмас, кейинги синфларга қайсидир синфдошимиз кўчмас, биздан катта синфлардаги паст баҳоли болаларнингбизга қўшилиши ҳам табиий ҳолат эди.
Болалар ўта ночор кийинган, мактаб формаси деган нарса йўқ, оёғимизда ҳатто қиш кунлари ҳам пайпоқ бўлмасди, калишни илиб, лойга ботиб мактабга келардик. Каттароқ синфларда ўқиганимизда лой кўчаларга муаллимлар билан бирга қирдан тош ташиб, мактаб атрофини сал эпақага келтирардик.
Яхши ўқиганларга ҳар йили икки марта мактаб маъмурияти бирор совға берарди. Шу совғалардан бирор марта қуруқ қолганман. 3-синфда Пушкиннинг Миртемир таржимасидаги «Шоҳ султон ҳақида эртак» китобини совға қилишганди, шу китоб менда жуда катта таассурот қолдирганди. Умуман китоб ўқишни яхши кўрардим. Бирор марта ўтириб дарс қилганимни эслолмайман. Хотирам яхши бўлгани боис, домлаларнинг дарсларидаги гаплари ёдимда қолар, кейинги дарсда шуни айтиб бера қолардим. Барча дарсликларни ўтириб биттада ўқиб чиқардим, опам, акамларни дарсликларини ҳам ўқиб ўқийверардим. Айниқса, адабиёт дарсликларини...
4-синфда ўқиётганимда биринчи марта пахтага олиб чиқишган. Мен олти ёшдан мактабга чиққанмасми, ёшим бошқалардан кичик, шу боис пахтани ҳаммадан кам терибман. Шунда, қариндош муаллимлардан бири «Сени отанг йўқ. Меҳнаткаш бўлишга мажбурсан!» деган гапи қулоғимда қолган. Қандай оғир гап… Ҳа, бу аччиқ гап таъсир қилган. Далада еган-ичганимизга олиб қолинадиган пулдан ташқари 3 сўм пул ишлаганман. Шу пулни бобомга олиб бориб берсам, бир дуо қилдилар, бир дуо қилдилар. У киши «Қоравойнинг уйида бир ағанаб ётсам, армоним йўқ дердилар». Аммо афсус, мени уйли бўлишим, бир нималарга эришганимни уларга кўриш насиб этмаган…
Қийинчиликда катта бўлдим, шу билан бирга одамларнинг бир-бирига меҳрини ҳам кўрдим. Баҳорда қишлоқ аҳли, ўтов тикиб қирга кўчарди. Ана шунда ким ночору, ким бойлиги билинарди. Моли кўплар, ночор оилага биттадан бузоқ, қўй берар, шу билан ночор оила кейинга йилгача ўзини ўнглаб оларди. Уй қуриш, том кўтаришлар фақат хашар билан қилинар, бир-бирига ёрдам бериш, қозони қайнамаган қўшнисига бир коса овқат узатиш табиий ҳол эди.
Устозлар ҳақида гапириш ўрнига, болалик хотираларимга берилдим… Ҳаётнинг ўзи ҳаммамизга муаллим-да...
“ДАДАМ МАКТАБ ДИРЕКТОРИ БЎЛГАН БЎЛСА ҲАМ...”

Муҳайё АСИЛОВА, Вирусология илмий-текшириш институтининг бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори:
— Мактаб ва устозлар мавзуси очилганда, биринчи бўлиб кўз олдимга мактабдаги физика фани ўқиувчимиз келади. Чунки физика ўқитувчимиз фани мураккаб бўлса-да, бизга осонроқ бўлиши, тезроқ тушунишимиз учун мавзуларни қизиқтириб, осонгина ўтарди. Бу фандаги амалиёт дарсларини ҳар доим аъло даражада бажарардик. Бундан ташқари, ўзимнинг дадам тарих фани ўқитувчиси бўлгани учун биз оилавий бу фанни ҳам яхши билардик. Дадам мактаб директори бўлган бўлса ҳам биз талтайиб кетмаганмиз, ҳар доим ўзлари бизни тергаб турардилар. Байрам арафасида бугунги даражага эришишимда меҳнатлари сингган ҳар бир устозимни чин қалбимдан табриклайман. Устоз аҳлига ҳурматим ва эҳтиромим чексиз эканлигини айтиб ўтмоқчиман. Байрамингиз муборак, азиз устозлар!..






