Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ёғинли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. ЙҲХББ мазкур масала юзасидан ҳайдовчиларга муҳим огоҳлантириш берди.
Ўзбекистон ҳудудида об-ҳавонинг кескин ўзгаришини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчилардан:
- техник носозликлар айниқса, руль бошқаруви ва тормоз тизимида носозликлари бўлган транспорт воситаларидан фойдаланмасликни;
- иситиш тизими носоз бўлган, автотранспорт ойналари терлаб сунъий пардани ҳосил қилиб, кўринишни чеклайдиган транспорт воситаларидан фойдаланмасликни;
- тоғли ҳудудларда, довон йўлларида, жумладан водий вилоятларини марказ билан боғловчи “Қамчиқ” довонида транспорт бошқариш малакасига эга бўлмаган ҳайдовчилардан бу худудларда харакатланмасликни;
- ҳайдовчилар оралиқ масофани хавфсизлик даражасида ушлашни;
- белгиланган тезлик талабларига аниқ риоя қилишни;
- транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст бўлган ҳолда бошқармасликни сўрамоқда.
Пиёдалардан эса:
- йўлларни фақатгина махсус белгиланган пиёдалар ўтиши жойларидан ўтишларини ва йўлни белгиланмаган жойидан югуриб ўтмасликларини, ўтаётган вақтда йўл белгиларига амал қилиб, гаджетлардан фойдаланмасликни;
Юк автомобиллари ҳайдовчиларидан эса:
- Қоидаларга кўра ўнг томондаги биринчи бўлакдан ҳаракатланишларини, чап бўлакни сабабсиз эгаллаб олиб ҳаракатланмасликни, шошилмасликни сўралмоқда.
"Ҳурматли ҳаракат иштирокчилари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, интизомли, қоидалар талабларини амал қилувчиларга ўз миннатдорчилигини билдириб қолади. Зеро барчамизнинг мақсадимиз – ХАВФСИЗ ЙЎЛЛАРДА ҳаракатланишни таъминлашдир",–дейилади хабарда.