Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бугун Ўзбекистонда рақобатбардош молиявий бозорлар учун қулай муҳит яратиш учун зарур бўлган сиёсат, тартибга солиш ва институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион долларлик сиёсий кредитни маъқуллади.
Бу ҳақда унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилинди.
"Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишни тезлаштирар экан, хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун барқарор ва рақобатбардош ички молиявий бозорлар муҳим аҳамиятга эга", - деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
"ОТБ Ўзбекистондаги молиявий бозорларнинг ривожланишига кўмаклашади ва иқтисодий ўсишнинг асосий омили ва мамлакатда янги иш ўринларининг муҳим манбаси бўлган хусусий инвестицияларни рағбатлантиради",-таъкидлади Евгений.
"Молия бозорларини бошқаришни кучайтириш орқали дастур бозор самарадорлигини оширади ва инвесторларнинг ҳимоясини яхшилайди",-деди ОТБнинг молиявий сектор бош мутахассиси Али-Мумтоз Х. Шоҳ.
"Дастур инвесторларга муқобил инвестиция имкониятларидан фойдаланишни таъминлашда муҳим роль ўйнайди ва минимал харажатлар билан маблаг йиғишга ёрдам беради ”, - дея қўшимча қилди ОТБнинг давлат бошқаруви бўйича бош иқтисодчиси Çiğdem Akın.
Қайд этилишича, Банк дастур доирасида амалга ошириладиган асосий ислоҳотларни қўллаб -қувватлаш учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида техник ёрдам ҳам ажратади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Осиё Тараққиёт Банкига 1995 йилда қўшилган.
Дилбар АБДУНАБИЕВА таржима қилди






