Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Қашқадарё эркин иқтисодий зонасида жойлашган Wosune Food Ingredients Karshi корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

АҚШнинг Wosune International Inc компанияси инвестициялари ҳисобига барпо этилган корхонанинг умумий қиймати 8,5 миллион долларни ташкил этади. Бу ерда 150 та доимий иш ўрни яратилган.

Корхона вилоятда етиштириладиган мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган. Бу ерда хомашёдан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар тайёрланиб, ташқи бозорларга етказиб берилади.
Ишлаб чиқариш жараёнида сабзи, булғор қалампири, ошқовоқ, олма, кўк пиёз, исмалоқ ва турли кўкатлар конвекцион ускуналар ёрдамида қуритилади. Мазкур технология маҳсулотларнинг табиий таъми ва озуқавий хусусиятларини сақлашга хизмат қилади. Ишлаб чиқариш жараёнининг 30 фоизи роботлаштирилган.
Тайёр ингредиентлар тез тайёрланадиган таомлар, зираворлар, консерва ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияларга етказиб берилади. Корхона маҳсулотлари Россия, Европа мамлакатлари ва МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.

Келгусида йиллик экспорт ҳажмини 40 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, хомашё таъминотини кенгайтириш мақсадида вилоятдаги деҳқон хўжаликлари билан тўғридан тўғри кооперация алоқаларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Давлат раҳбари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр маҳсулотлар билан танишди.






