Facebook, Google, Apple ва бошқа бир қанча хорижий компаниялар Ўзбекистонга солиқ тўлади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси расмий маълумот берди.
Унга кўра, Ўзбекистонга Facebook - 7,6 миллиард, Google - 4,6 миллиард, Apple - 2,2 миллиард, Netflix - 331 миллион, Yandex - 256 миллион сўм ўтказган.
"Мамлакатда 2 йилда доимий ваколатхонасига эга бўлмаган жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатувчи 28 та хорижий компания солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди",- дейилади Солиқ қўмитаси ахборотида.
Таъкидланишича, солиқ кодексида 2020 йил 1 январдан бошлаб рўйхатга олишнинг янги тартиби белгиланган.
Шунга асосан, интернет-компаниялари рўйхатдан ўтиши учун қулайлик яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҚҚС-офис ишга туширилган.
Шунингдек, ушбу манба хорижий юридик шахсларга Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш, онлайн шахсий кабинетдан фойдаланиш, (ҳисобот тақдим этиш ва солиқ тўлаш) шунингдек, солиққа тортиш билан боғлиқ барча саволларга жавоб олиш имконини бериши айтилмоқда.