Пневмония болаларда қандай кечади? Белгилари, ташхис ва даволаш усуллари қандай? Ушбу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат Шамсиев жавоб берди.
— Пневмония катталарга нисбатан болаларда бир мунча оғирроқ кечади. Сабаби, уларда иммун тизими яхши ривожланмаган, шу боис ҳам болаларда тана ҳарорати кўтарилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда ота-онадан зийраклик талаб этилади.
Шунингдек, болаларда мукоцилиар клиренс яхши ривожланмагани ҳисобига, унда дастлаб қуруқ йўтал, сўнгра, инфекциянинг тезда ўпкага ўтиш ҳолатлари кузатилади. Ўпка аускультациясида қуруқ ва нам хириллашлар эшитилади.
Болада ушбу касаллик аломатлари аниқланганда албатта шифокорга мурожаат этиш шарт. Чунки пневмония касаллиги ЎРВИга нисбатан узоқ давом этадиган касалликдир.
Ўпкадаги яллиғланиш жараёнини аниқлаш мақсадида турли хил текширувлар олиб борилади: қон, сийдик таҳлили, қонда С-реактив оқсил, прокальцитонинни аниқлаш, кўкрак қафасининг рентгенографияси шулар жумласидандир.
Пневмония касаллигида қўлланиладиган дори воситалари турли ва мураккаб характерга эга бўлиб, хасталикнинг сабабларини енгишга (этиотроп терапия), касаллик аломатларини йўқотишга (симптоматик терапия), шунингдек, тана аъзолари тизимини тиклашга (ёрдам берувчи терапия) қўлланилади.
Шу билан бирга, касалликни даволаш учун гипоаллерген парҳез, кислород терапия, ҳавони намлантириш ва хонани шамоллатиш, витамин Д, иммуноцинк, вирусга қарши, муколитик ва балғам ажратувчи дори воситалари, кўрсатмага биноан антибактериал даво, периферик қон айланишни яхшиловчи дорилар, оғир ҳолатларда иммуноглобулин G каби муложалар олиб борилади.
Муайян касалликни даволаш учун дори воситалари индивидуал танланади ва беморнинг ташхисига, умумий аҳволига қараб фақат шифокор томонидан белгиланади, дея изоҳ берди мутахассис.