Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувли хабарлардан бирида тиббиёт ходими COVID-19га чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб кетгани, қабулхоналарда оёқ қўйишга жой йўқлиги, ҳатто янги блок очилаётгани, қолаверса, ўлим кўрсаткичлари ошиб бораётгани ҳақида гапирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида овозли хабар эгасини топиб, у билан суҳбатлашилган.
— Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида эпидемиолог бўлиб ишлайман, — дейди Нилуфар Умарова. — Бу овозли хабарни шу йилнинг июнь ойи охирида телеграмдаги эпидемиолог ҳамкасбларимиз учун тор доирада очилган гуруҳда қолдиргандим. Ўшанда юртимизда ҳақиқатан ҳам пандемиянинг янги тўлқини овж ола бошлаган оғир паллалар эди. Аммо қандай қилиб бу аудиоёзув тарқалиб кетгани ва нега орадан тўрт ойдан зиёд вақт ўтиб эълон қилинганига ўзим ҳам ҳайронман. Чунки ҳозир юртимизда хасталикка чалиниш кўрсаткичлари ўша пайтдагига нисбатан анча пасайган. Ўзим ишлаётган шифохонадаям касалланганлар оқими сезиларли даражада камайган.
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси мутасаддиларининг таъкидлашларича, июль-август ойларида муассасада 2 мингга яқин бемор даволанган эди. Ҳозир эса 1100 нафар киши муолажа олмоқда. Кунига 80-90 нафар беморни қабул қилиниб, кўрсаткичлар кундан-кун камаймоқда. Ҳолат стабиль.
" – Кеча, яъни 2 ноябрь санасида мамлакатимизда коронавирус билан кунлик касалланиш бўйича июнь ойидан буён энг паст кўрсаткич қайд этилиб, пневмонияга чалиниш ҳолатлари аниқланмади. Хасталикни юқтирганлар сони 272 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 58 нафари Тошкент вилояти, 104 нафари Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.
Айни кунда Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун фақат Зангиотадаги 1-сон ва 2-сон шифохоналар фаолият кўрсататаётганини инобатга олсак, реал вазият статистикаларда тўлақонли акс этгани яна бир бор англашилади", – дейлади Матбуот хизмати хабарида.






