АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда кузатув камерасини синдирган икки йигит 3 суткага қамалди

Ҳолат юзасидан профилактика инспектори томонидан суриштирув ишлари олиб борилган.

'Тошкентда кузатув камерасини синдирган икки йигит 3 суткага қамалди'ning rasmi

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида кўп қаватли уй йўлагига ўрнатилган юзни таниб олувчи кузатув камерасини тепиб синдирган уч нафар йигит аниқланди. Уларнинг икки нафари 3 суткага маъмурий қамоққа олинди. Вояга етмаган учинчи шахс бўйича эса тегишли комиссияга тақдимнома киритилди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа тунги вақтда содир бўлган. Ҳодисага алоқадор шахсларнинг икки нафари 2004 ва 2005 йилларда туғилган, учинчиси эса вояга етмаган.

Ҳолат юзасидан профилактика инспектори томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. Текширув давомида йигитлардан икки нафари спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланган.

Камерани синдирганини тан олган йигит қилмишидан пушаймонлигини билдирган.

"Тунда ўртоғим билан ресторанга бориб, алкоголь истеъмол қилдик. Кейин кўчага чиқдик. Маҳаллани айланиб юриб, биринчи подъездга кирдик. Иккинчи қаватдан пастга тушаётганимда камерани уриб синдирдим. Бу қилган ишимдан жуда афсусдаман. Бундай ишлар барибир жазосиз қолмас экан. Камерани синдирган бўлсам ҳам, барибир топишар экан. Ҳаммадан кечирим сўрайман", — деган у.

Мазкур ҳолат юзасидан йигитларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди қарори билан икки нафар йигитнинг ҳар бири 3 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилган.

Вояга етмаган шахсни махсус назоратга олиш масаласини кўриб чиқиш учун эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга тақдимнома киритилган.

    Бошқа янгиликлар