Самарқанд шаҳрида халқаро тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 18–22 октябрь кунлари шаҳарга кириш йўллари ва айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 19–20 октябрь кунлари Самарқандда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг «C5+1» форматидаги учрашуви, 21–22 октябрь кунлари эса болалар фаровонлиги ва келажагига бағишланган глобал саммит бўлиб ўтади. Ушбу тадбирларда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан келган меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро тадбирлар давомида хавфсизликни таъминлаш мақсадида шаҳарга кириш йўллари билан бир қаторда қуйидаги кўчаларда транспорт ҳаракати вақти-вақти билан чекланади:
Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Регистон, Афросиёб, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Шоҳбот, Уста Умар Жўрақулов, Шоҳизинда, Мирзо Улуғбек, Беруний, Доғбит, Рудакий, Гулобод ва Ойдин йўли кўчалари.
Қайд этилишича, чекловлар вақтида айланма ва муқобил ҳаракат йўналишлари ташкил этилади. Фавқулодда хизматлар транспорт воситалари учун чекловлар амал қилмайди. Вилоят ҳудуди орқали транзит ҳаракатланадиган транспорт воситалари ҳам муқобил йўналишларга йўналтирилади.
Ички ишлар вазирлиги фуқаролардан вақтинчалик ноқулайликларни тўғри тушунишни, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаётган масъул ходимларнинг кўрсатмаларига амал қилишни сўради.






