Президентимиз мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада ошириш мақсад қилинганини қайд этди:
– Насиб этса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда.
Жумладан, “хом ашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантирамиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилади.
Шунингдек, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга биринчи даражали эътибор қаратилади.
Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши таъкидланди.






