АсосийSport

Самарқанд ярим марафони спорт йўналиши бўйича таниқли брендга айланди — Азиз Абдуҳакимов

'Самарқанд ярим марафони спорт йўналиши бўйича таниқли брендга айланди — Азиз Абдуҳакимов'ning rasmi

Мана учинчи йилдирки кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда  Samarkand Half Marathon оммавий спорт тадбирини ташкил этиб келинмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистонда жойлашган маданият ва санъат объектларида инклузивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантиришдан иборат. 

Ярим марафондан келиб тушган маблағлар имконияти чекланган шахсларни маданият муассасаларига ишга жойлаштириш учун хайрия мақсадида сарфланади, дея маълумот бермоқда Туриз ва спорт вазирлиги.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ташкил этилган марафон борасидаги фикларини айтди.

"Мана 3 йилдирки, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги биргаликда Самарканд Ҳалф Маратҳон тадбирини катта тайёргарлик билан ўтказиб келмоқда. Шу йиллар мобайнида кўплаб маданий, маънавий ва спорт йўналишлари бўйича аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатувчи лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширдик. Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари орасида фаол турмуш тарзи тобора оммалашиб бормоқда.

Самарканд Ҳалф Маратҳон лойиҳаси юртимиздаги энг йирик спорт тадбирларидан биридир. Мамлакатимиз бўйлаб ҳажми ва қамрови бўйича ушбу тадбирга тенг келадиган бошқа спорт ва маданият тадбири мавжуд эмас. Самарканд Ҳалф Маратҳон йилдан-йилга юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар орасида оммалашиб бормоқда. Бугунги кунда ҳеч қандай муболағасиз, ушбу ярим марафон спорт йўналиши бўйича таниқли брендга айланди, дея оламан. Унинг обрўси ва кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда. Айнан шундай хайрия тадбирлари имконияти чекланган шахсларни кенг жамоатчиликка чуқурроқ кириб боришига ёрдам беради",-дейди  Бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам ушбу жараён ўта муҳумлигини таъкидлайди. 

"Самарқанд ярим марафони – ҳар йили ўз кўламини кенгайтириб бораётган халқаро хайрия мусобақаси ҳисобланади. Самарканд Ҳалф Маратҳон ўзининг профессионал тайёргарлиги, кенг доираси ва юқори мақсадларга содиқлиги билан муҳимдир. Бу йилги хайрия тадбиримиздан келиб тушадиган барча маблағлар имконияти чекланган шахсларни бутун мамлакат бўйлаб маданият муассасаларига ишга жойлаштиришга йўналтирилади. Ушбу тадбир мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва чет элдан келган иштирокчиларни ҳам жалб қилганидан хурсандмиз",-дейди Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, ташкил этилган оммавий югуриш марафонида жами 2 500 нафар иштирокчи қатнашди. Унда дунёнинг 29 та давлатидан вакиллар иштирок этиб, 2 км, 10 км ва ярим марафон масофаларида ўз кучларини синаб кўришди.

    Бошқа янгиликлар