АсосийЖАМИЯТ

Диний бағрикенлик тушунчасини ўзбекистонликлар қандай тушунади? (фото)

Миллат, ирқ, тил ва дин — бу омиллар одамлар орасидаги барча тушунмовчиликларнинг туб моҳи...

'Диний бағрикенлик тушунчасини ўзбекистонликлар қандай тушунади? (фото)'ning rasmi

Миллат, ирқ, тил ва дин — бу омиллар одамлар орасидаги барча тушунмовчиликларнинг туб моҳияти десак адашмаймиз. Баъзан улар инсонларни бирлаштиради, баъзида эса низо ва келишмовчиликлар илдиз отишига сабаб бўлади. Бу омиллар орасидаги энг нозик масала шубҳасиз дин масаласидир.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда мавжуд бўлган динларнинг сони 4300дан ортиқ. Сўзимиз аввалида ҳатто миллатлар ва тиллар сонидан ҳам кўп бўлган дин тушунчасининг назарий маъносига тўхталсак.

Дин – бу инсоннинг дунё ҳақидаги фикрлаши, қарашлари ва ўзаро муносабатига таъсир қилувчи эътиқод ёки ибодат тизими. Инсоннинг дини кўпинча ахлоқий ва тарбиявий эътиқодларининг асосидир. Кўплар учун дин тасалли манбаи ҳисобланади.

Кўп миллатли халқ истиқомат қилаётган Ўзбекистонда диний эътиқод ҳам хилма-хил бўлиши табиий ҳол. Миллатлараро тотувлик ҳукм сураётган бу давлатда диний бағрикенглик муносабатлари қандай? Шу мавзуда ижтимоий сўровнома ўтказдик. Унда турли миллатларга мансуб бўлган 50 га яқин фуқаролардан «Диний бағрикенглик сиз учун нимани англатади?» саволига жавоб олдик. Жавоблар орасида умумий ва ўхшаш фикрлар кўп бўлгани учун қуйида бироз ноодатийроқ фикрларни келтирдик.

Рисолат Махсимова — ижтимоий сўровнома жараёнидан

Дилором Эргашева — ўқитувчи:

— Диний бағрикенглик ўзингизникидан фарқ қиладиган маънавий қадриятлар, эътиқодлар ва урф-одатларни қадрлай олиш қобилиятини англатади. Дин жуда ҳам ҳиссий мавзу. Кўпинча одамлар учун ўзларининг шахсий қарашларини четга суриб, ғоялар ёки вазиятларга нисбатан объектив муносабатда бўлиш қийин бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам диний бағрикенгликни таъминлашни мураккаб масалалардан бири деб ҳисоблайман.

Севара Сулейманова — спортчи:

— Мен каратэ билан шуғулланаман. Машғулотларимизда рус, тожик, қозоқ, қирғиз, ўзбек, татар, корейс, уйғур миллатларига мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи қизлар иштирок этади. Мураббийимиз эса барчамизга бир хилда муносабатда бўлади. Миллатимиз, тилимиз ва динимиздан қатъий назар. Мен учун ана шу тенг муносабат диний бағрикенгликни ифодалайди.

Толерантность. Что за слово такое и с чем его едят.: katerina_nikk —  LiveJournal
Google

Фазлиддин Умаралиев — магистрант:

— Мен учун бу тушунча ҳар бир фуқарода исталган динга эътиқод қилиш ҳуқуқи мавжудлигини англатади. Шунингдек, бу бировнинг фикрини тан олиш ва ҳурмат қилишдир. Айнан бизнинг давлатимиз мисолида айтадиган бўлсак, виждон эркинлиги конституцияда ҳам белгилаб қўйилган ва бу диний бағрикенглик шароитининг қонунийлаштирилиши, назаримда.

Дилафруз Абдуражабова — Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси:

— Диний бағрикенглик - бу одамларга бошқа дин ва эътиқодлар ҳақида ўйлаш ёки уларга амал қилиш имконини берадиган жамият. Мамлакатда толерант ҳукуматнинг мавжудлиги. Толерантлик ҳар кимнинг фикрини бир хилда қабул қилишни англатади. Тинч ва осуда муҳит учун бағрикенглик жуда зарур. Бизнинг турмуш тарзимиз, маданиятимиз ва атроф-муҳитимиз ҳар хил бўлса ҳам, биз одамийлик юзасидан ҳам атрофдаги ҳаммани тушунишимиз ва ҳурмат қилишимиз керак.

Рамзиддин Исакжанов — Халқаро ислом академиясининг диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESKO кафедраси катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари (РhD) доктори:

–Диний бағрикенглик – тинчликка хизмат қилиб, одамлар ўртасидаги табақалашишнинг олдини олади, тенг ҳуқуқлиликни таъминлайди. Сабаби, турли дин ва элатга мансуб аҳоли орасида тотувликни таъминлаш, уларнинг бир жамиятда аҳил-иноқ яшашига шароит яратиш зарурати аҳоли сони ошиб бораётган, диний-этник муносабатлар тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда жуда зарур.

Чем толерантность отличается от веротерпимости | ТРИКСТЕР | Научно о  религии | Яндекс Дзен
Яндекс

Нозима Хамраева — Тошкент давлат Шарқшунослик институти талабаси:

— Динлар ва одамлар ўртасидаги бағрикенглик тинчлик ва бахт дунёсини яратиш талабидир. Динлараро мулоқот тинч ҳаётга эришиш учун муҳимдир. Барча динлар ҳақиқат ва ахлоқий ҳаётнинг эзгулигини, севги ва раҳм-шафқатни тарғиб қилади. Биз барча динларни ҳурмат қилишимиз керак, чунки барча динларнинг замирида ётган даъват бир хил — меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, зўравонлик қилмаслик ва кечиримлилик.

Бахтиёр Эргашев — ўқитувчи:

— Диний бағрикенглик - диний хилма-хил жамиятдаги ҳар бир шахс ўз виждонига кўра ибодат қилиш ҳуқуқлари, эркинликлари ва хавфсизлигига эга бўлишидир. Шунингдек, энг биринчи навбатда виждон эркинлиги қонунан мустаҳкамлаган давлат диний бағрикенг давлатдир.

Масума Аҳадова — уй бекаси:

— Барча динлар ахлоқ ва эътиқодлар учун асосдир. Диний бағрикенглик эса бировнинг эътиқодига аралашмаслик, бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муомала ва муносабатда бўла олишликдир.

Рисолат Махсимова — ижтимоий сўровнома жараёнидан

Бўрон Дўсматов — тадбиркор:

— Бағрикенглик бировнинг нуқтаи назарини тан олиш ва ҳурмат қилишдир. Ўз эътиқодини қадрлай олган киши бошқанинг динини беҳурмат қилмайди. Шунингдек, бу бу бошқаларга ўз дунёқарашига мувофиқ яшаш ҳуқуқини беришдир.

Толерантность - терпимость к людям от Виктора Франкла
Google

Хулоса қилиб айтганда, диний бағрикенгликни таъминлаш тинчликни кафолатлаш демакдир. Шунингдек, бу омил демократиянинг асосларидан бири бўлиб, жаҳон ҳамжамиятида ҳам ижтимоий тенгликнинг белгиси сифатида жуда қадрланади.

Рисолат МАХСИМОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар