1

Тошкентда чақалоқ сотмоқчи бўлган шахсларнинг жинояти фош бўлди

ЖИНОЯТ 17.11.2021, 15:40
Тошкентда чақалоқ сотмоқчи бўлган шахсларнинг жинояти фош бўлди

Жиноятлар таҳлилига эътибор берсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизларда фарзандларини сотиш ҳоллари кўп учрайди. Улар ҳомиладор бўлиб қолганини ота-онасидан, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб, болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотмоқчи бўлишади. Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамони ҳам айнан шундай йўл тутган қизлардан бири...

Беникоҳ ҳомиладор бўлиб қолди

Судланувчи Замира Исматова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) водийда яшовчи, тергов жараёнида аниқлашнинг имкони бўлмаган, “Шавкат” исмли шахс билан севишиб, ота-онасидан яширин ҳолда учрашиб, никоҳсиз, мунтазам равишда яқинликда бўлиб келади. Шундан кейин у “Шавкат”дан ҳомиладор бўлиб қолади. Замира ҳомиласи катта бўлиб қолгани учун аборт йўли билан олдириш мумкин эмаслигини билиб, ота-онаси ва маҳалла олдида шарманда бўлишдан қўрқади. У туғиладиган фарзандидан қутулиш йўлларини қидиради. Шу орада ўзига илгари таниш бўлмаган Матёқуб Абдусаматов билан танишиб қолади. Замирада Матёқуб орқали фарзандини сотиш фикри туғилади. Болани сотиш орқали мўмайгина даромадга эга бўлиш фикри судланувчи Матёқубга ҳам маъқул келади. У таниши Манзура Неъматовага қўнғироқ қилиб, бир таниши яқин орада дунёга келтирадиган чақалоғини сотмоқчи бўлаётганини ва унга харидор топиб беришни сўрайди. Бу хабарни эшитган Манзура тегишли органга ариза билан мурожаат қилади ва унинг аризасига кўра, тезкор тадбир ўтказишга киришилади.

Боладан қутулмоқчи бўлди

Матёқуб Абдусаматов Замира Исматова билан бирга Манзура Неъматованинг уйига келиб, Замиранинг туғиш муддати яқинлашаётганини, тезроқ харидор топиш лозимлигини айтади. Манзура ушбу жиноятнинг яна бошқа иштирокчиларини аниқлаш мақсадида бу ҳақда яна кимлар билишини Замирадан сўрайди. Замира бундан онасининг ҳам хабари борлигини айтиб, ўзининг уяли алоқа воситасидан онаси Мунира Исматованинг уяли алоқа воситасига қўнғироқ қилиб, Манзура Неъматова билан гаплаштиради. Суҳбат давомида Мунира Исматова қизи туғадиган боладан қутулмоқчи эканлигини айтиб, чақалоқни 3.000 АҚШ долларига сотишини маълум қилади. Шундан кейин Матёқуб Манзурага қўнғироқ қилиб, агар чақалоқни олиш фикридан қайтган бўлса, бошқа мижозлари борлигини айтиб огоҳлантиради. Манзура жиноятнинг олдини олиш мақсадида таниши Тамара Николаевани тадбирга жалб қилади. Тамара ўзининг фуқаролик бурчини адо этиш мақсадида харидор бўлишга рози бўлади. Тамара савдони пишитиш мақсадида Матёқуб билан учрашганида у чақалоқни 7.000 АҚШ долларига сотишини маълум қилади.

“Telegram” орқали суратларни юборади

Замира касалхонанинг туғуруқ бўлимида Саъдияни дунёга келтириб, туғилганлик ҳақидаги маълумотнома ва чақалоқнинг суратларини Матёқубга беради. У ўз навбатида ҳужжат ва суратларни Тамаранинг “Telegram” профилига юборади. Кейин харажатлар кўпайиб кетганини важ қилиб, чақалоқнинг нархини 8.500 АҚШ долларига кўтаради. Матёқуб Абдусаматов ва Мунира Исматова чақалоқни Замирадан олиб, боласини ўз хоҳиши билан бераётгани ва ҳеч кимга даъво қилмаслиги ҳақида тилхат ёздиришади. Улар Тамара Николаевага қўнғироқ қилиб, чақалоқ сотувга тайёрлигини маълум қилишади. Матёқуб ва Мунира ўзларининг ғаразли ниятларини амалга оширмоқчи бўлиб, келишилган 8.500 АҚШ доллар пуллардан 8.000 АҚШ долларини олаётган вақтларида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинади.

Жиноятчиларга жазо тайинланди

Матёқуб Абдусаматов, Замира Исматова, Мунира Исматова Жиноят кодексининг 135-моддаси, 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Матёқуб Абдусаматовга 5 йил 6 ой, Замира Исматова ва Мунира Исматовага 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланди.

Мунира Исматовага нисбатан ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган жазо шартли деб ҳисобланди ва 2 йил синов муддати белгиланди.

 

Шерзод Эшматов, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси, 

Лола Шоимова, журналист.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1