АсосийSalomatlik

​Болаларда қандли диабeт: нималарни билишимиз шарт?

'​Болаларда қандли диабeт: нималарни билишимиз шарт?'ning rasmi

Қандли диабет касаллиги йилдан-йилга яшариб бораётгани дунё аҳлини жиддий ташвишга солаётир. Ҳозир бу дардга чалинганлар орасида ёш болалар, ҳатто, чақалоқлар ҳам кўп.

— Болаларда қандли диабетнинг асосан 1-тури учрамоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар эндокринологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза АЗИМОВА. — Организмда инсулин етишмовчилиги ҳисобига беморларда тез-тез пешобга чиқиш, суюқликни кўп миқдорда ичиш, ҳолсизлик, озиб кетиш каби илк белгилар кузатилади. Қандли диабетнинг 1-турини даволаш парҳез сақлаш, жисмоний ҳаракатлар ва инсулинотерапиядан иборатдир.

Мутахассисдан қандли диабетнинг наслдан-наслга ўтиши ҳақида сўраймиз.

— Қандли диабетнинг 1-тури наслдан-наслга ўтади, — дейди шифокор. — Агар қатъий парҳезга амал қилиниб, жисмоний фаоллик таъминланса ва боланинг доимий ҳолати назорат қилиб борилса, касаллик аломатларининг олди олинган бўлади.

Агар акси бўлса, кўз, буйрак фаолиятида бузилиш кузатилади. Майда ва катта қон томирларидаги асоратлар билан бирга, бўй ўсмаслиги ва жинсий ривожланишнинг орқада қолиш ҳолатлари рўй беради. Ушбу белгилар қандли диабетнинг кечки асоратларидан ҳисобланади.

Шу боис, фарзандига қандли диабет 1-тур ташхиси қўйилган ота-оналар дастлаб ўғил-қизларининг махсус мактаблар, яъни диабет: ўз-ўзини назорат қилиш мактабларида таълим олишларига шароит яратиши шарт. Бундай мактаблар ҳар бир вилоят эндокрин диспансерлари қошида очилган.

Диабетик болалар ўз-ўзини назорат қилиши, гипогликемия ва кетоатседозга шубҳа қилинганда қондаги глюкозани аниқлашни билиши керак.

Шаҳноза Азимованинг таъкидлашича, оқсил, ёғ, углевод, витамин ва микроэлементлар кундалик рационга киритилади. Углеводларни истеъмол қилишда уларнинг гликемик индексига эътибор берилади.

Гликемик индекси паст бўлган маҳсулотлар, масалан, дуккаклилар, сули, сабзавотлар қондаги қанд миқдорини секин кўтаради. Диабет билан оғриган болалар кун давомида 5-6 маҳал овқатланиши, жумладан, 3 маҳал асосий таомланиш ва оралиқ вақтда қўшимча овқатланиш тавсия этилади.

Парҳезга риоя қилинганда қондаги қанд миқдорининг кескин ортиши ва шу билан бирга, қанднинг турли аъзо ва тўқималарга ножўя таъсири олди олинади, қабул қилинаётган инсулин дозасини коррекциялаш осон бўлади. Шунинг учун болалар ва уларнинг ота-оналари истеъмол қилинаётган углеводларни ҳисоблашни билишлари лозим.

    Бошқа янгиликлар