26-ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ЙХҲТнинг трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича координатори Алена Купчина билан видеоконференсалоқа шаклида учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ЙХҲТ билан Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
А.Купчина Ўзбекистон Раҳбариятининг Афғонистондаги вазият, шу жумладан, мамлакатдаги гуманитар вазиятни яхшилаш учун тезкор чоралар кўриш зарурлиги юзасидан позицияси ва ёндошувларига юксак баҳо берди.

Шу билан бирга, Афғонистондаги вазият оқибатлари бўйича ишлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлардан иборат ЙХҲТ дастури юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ушбу чора-тадбирлар: чегарадаги хавф-хатарларни камайтириш, ҳамжамиятлардаги заифликларни бартараф этиш ва барқарорлигини ошириш, минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун имкониятлардан фойдаланиш сингари йўналишларни ўз ичига олади.
ЙХҲТ координатори 2021-йил 2-декабр куни Стокголм шаҳрида бўлиб ўтадиган Ташкилотга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг йиғилиши арафасида мазкур учрашувниниг ўтказилгани муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.






