Dubai Opera саҳнасида "Лазги — қалб ва муҳаббат рақси" балет постановкасининг премьераси ўтказилди.
Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўз ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, спектаклга БАА Федерал миллий кенгаши спикери Сакр Бин Губаш Саид Губаш Жаноби Олийлари, Дубай ҳукумати Медиаофиси Бош директори Мона Ганем Ал Марри Жаноби Олиялари, БАА Ижтимоий ривожланиш вазири Ҳесса Бинт Эсса Бухумаид Жаноб Олиялари ташриф буюришган.
Премьерани шахсан кузатган Саида Мирзиёева ҳаяжонини яширмади.
"Юртимиз маданияти хорижда қанчалик илиқ, ҳаяжон билан қабул қилинаётганини кўриб, руҳланиб кетаман. Биз жаҳон жамоатчилигига энг асл дурдоналаримизни тақдим этар эканмиз, улар бутун дунёнинг мулкига айланади",-дейди у.
Шунингдек, у сўзининг якунида бу Ўзбекистон санъатининг салоҳиятини кенгайтириши, бой маданиятини намоён этиш ва Ўзбекистон имиджини янада юқори даражага кўтаришга ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.