Кеча БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи мусобақа ўз якунига етди.
Мусобақанинг иккинчи кунида терма жамоамизнинг тўрт нафар вакили медаллар ҳамда қимматли рейтинг очколари учун татамига чиқишди. Булар – Давлат Бобонов (-90 кг вазн тоифасида), Музаффарбек Тўрабоев, Ақлмуродбек Худойбердиев (иккаласи ҳам -100 кг) ҳамда Шоҳруҳ Мамарасулов (+100 кг).
-100 кг вазн тоифасидаги истеъдодли дзюдочимиз Музаффарбек Тўрабоев кутилмаганда илк беллашувдаёқ германиялик Фолк Петерсилкага ютқазиб қўйди.
Шу вазн тоифасидаги яна бир спортчимиз Ақлмуродбек Худойбердиев эса ¼ финалда канадалик Шади Элҳанасга қўшимча дақиқаларда вазари баҳоси билан имкониятни бой берди. Сўнгра у бронза медали йўлидаги ўтиш баҳсида жаҳон рейтингида 8-ўринни эгаллаб турган нидерландиялик Михаел Коррелга ҳам ютқазиб қўйди. Натижада Худойбердиев мусобақани 7-ўрин ва 260 рейтинг очкоси билан якунлади.
+100 кг вазн тоифасидаги полвонимиз Шоҳруҳ Мамарасулов баҳсларга иккинчи даврадан қўшилган бўлса-да, ўзининг илк беллашувида мўғулистонлик Тсеценценгелга имкониятни бой бериб, у ҳам мусобақадаги иштирокини якунлади.
Кечаги баҳсларда татамига чиққан спортчиларимиздан биргина Токио-2020 Олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов нисбатан муваффақиятли иштирок етди. У аввалига ¼ финалда тожикистонлик Жаҳонгир Мажидовни қўшимча дақиқаларда иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди. Бироқ, Бобонов ярим финалда россиялик Мансур Лорсановга қарши татамига чиқди ва қўшимча дақиқалардаги вазари эвазига имкониятни бой берди.
Бронза медали учун кечган баҳсда эса Давлат франсиялик Франсис Дамиерга қарши татамига чиқди ва рақибини иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди. Бу ғалаба эвазига Бобонов бронза медали билан бирга 500 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.
Шу тариқа, дзюдо бўйича мавсумнинг сўнгги турнирида терма жамоамиз аъзолари биттадан кумуш ва бронза медалига сазовор бўлишди. Эслатиб ўтамиз, шанба кунги баҳсларда ҳамюртимиз Ҳикматилло Тўраев кумуш медал соҳибига айланган эди.