АсосийJamiyat

Бир марталик моддий ёрдам билан “Ёшлар дафтари”дан чиқариб юбориш тўғрими? Сенаторлар айрим сектор раҳбарларини кескин танқид қилди

'Бир марталик моддий ёрдам билан “Ёшлар дафтари”дан чиқариб юбориш тўғрими? Сенаторлар айрим сектор раҳбарларини кескин танқид қилди'ning rasmi

Жорий йил 2 декабрь куни Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда комиссия, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари ижроси, ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги прокурор назорати ҳолатининг ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Сенат ахборот хизматининг маълум қиишича,  ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида 2018-2020 йилларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 903 та бизнес лойиҳага жами 160 млрд 768 млн сўм миқдорда имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 16 254 та янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

Сўнги беш йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 3 баробар кўпайиб, уларнинг сони 17 мингдан ошган.

Бироқ сенаторлар айрим сектор раҳбарларини кескин танқид қилган. Қайд этилишича, Андижон вилояти сектор раҳбарларининг ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш борасидаги вазифалари аниқ белгиланган бўлсада, вилоятдаги ўрганиш давомида бир қатор камчиликларга йўл қўйилган.

Жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган “yoshlardaftari.uz” ягона электрон платформасига киритилган 735 нафар ёшларни асоссиз равишда чиқариб юборилиш ҳолатлари аниқланган.

“Ёшлар дафтари”га киритилганлардан 23 479 нафарига туман ҳокимларининг фармойишлари асосида ер майдонлари ажратиб, бандлиги таъминланганлиги ва дафтардан чиқарилганлиги ўрганилганда, улардан 44 нафар ёшлар ер майдонларини олмаганлиги, ҳаттоки бундан хабардор эмаслиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 250-сонли қарори билан тасдиқланган вақтинчалик тартибга мувофиқ, секторлар раҳбарлари электрон анкета сўровномалари маълумотлари асосида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқиши ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тасдиқлаш учун киритиши белгиланган. Бироқ Олтинкўл, Андижон, Балиқчи, Избоскан ва Хўжаобод туманларининг барча сектор раҳбарлари томонидан ўрганилган ёшлар муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл ҳариталари” лойиҳалари ишлаб чиқилмаган ва халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этилмаган.

Андижон шаҳар, Избоскан, Хўжаобод ва Андижон туманларида сектор раҳбари ва аризачи ўртасида бир марталик моддий ёрдам бериш, уни олган ёш билан ишга кириш, касб ўрганиш, ўзини-ўзи банд қилиш каби мажбуриятларни олишини назарда тутувчи икки томонлама ижтимоий шартнома тузилмасдан моддий ёрдамлар мақсадсиз ажратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сон қарорига асосан вилоятлар ва туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларнинг камида 15 фоизи миқдори ҳар чоракда “Ёшлар дафтари” жамғармасига ўтказилиши белгиланган бўлса-да, вилоятнинг Андижон шаҳри, Хўжаобод ва Избоскан туманларида бунга амал қилинмаган.

Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни “Ёшлар дафтари”дан чиқаришга асос бўлмаслиги белгиланганига қарамай Андижон шаҳрида Ёшлар жамғармаси томонидан бир марталик ёрдам берилган жами 790 нафар ёшлардан 303 нафари “Ёшлар дафтари”дан асоссиз равишда чиқариб юборилган.

Шу билан бирга, 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича дастурда белгиланган режа бажарилганлиги қайд этилган бўлса-да, Солиқ инспекцияси базасидаги маълумотлар билан таққосланганда айрим иш ўринлари ўз тасдиғини топмаганлиги сенаторлар томонидан кўрсатилган.

Туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари билан захирага олинган иш ўринларига аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш ишлари суст олиб борилган. Яъни захира (квота)ланган иш ўринларидан фойдаланиш даражаси вилоятда 64,2 фоизни ташкил этганлиги боис, бугунги кунда 3 651 та захира иш ўринлари фойдаланмасдан қолган.

Йиғилишда ушбу йўналишда учраётган тизимли хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида прокуратура органлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигига Комиссия аъзолари томонидан тавсиялар берилиб, тегишли топшириқлар акс эттирилган қарор қабул қилингани маълум қилинди.

Бошқа янгиликлар