Тошкент вилоятининг Кенсой қўрғонидан пойтахтдаги "Юнусобод Универсам" бекатигача янги автобус йўналиши ташкил этилди. 158-сонли йўналиш 23 ноябрь куни йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, автобуслар Кенсой қўрғонидан йўлга чиқиб, Абу Райҳон Беруний университети, Раҳбар ота масжиди, 23-сонли оилавий поликлиника, Уч Қаҳрамон ва 271-сонли мактаб ҳудудлари орқали "Юнусобод Универсам" бекатигача ҳаракатланади.
Мазкур йўналишда "ZiyoTrans" МЧЖга тегишли 10 та ўрта сиғимли замонавий автобус қатнайди.
Қайд этилишича, янги йўналиш пойтахт ва унга туташ ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш, жамоат транспорти қамровини кенгайтириш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида йўлга қўйилган.






