Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Аммон шаҳрида рафиқалари иштирокида учрашув ўтказди. Учрашувдан сўнг икки давлат раҳбарларини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Шавкат Мирзиёевга Иорданиянинг олий давлат мукофоти — "Ал-Ҳусайн ибн Али" ордени тантанали равишда топширилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Иордания Подшоҳини мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун "Олий даражали Дўстлик" ордени билан тақдирлади.
Тақдирлаш маросимида томонлар ушбу мукофотларни икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва дўстликнинг рамзи сифатида баҳолади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.






