АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси вафоти сабаб Суперлига ўтиш ўйини қолдирилди

Профессионал футбол лигаси ушбу фожиа сабаб "Металлург" — "ФарДУ" учрашуви қолдирилганини маълум қилди.

'Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси вафоти сабаб Суперлига ўтиш ўйини қолдирилди'ning rasmi

Ўзбекистон футболининг фахрийси, 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби ва "ФарДУ" клуби бош мураббийи Сергей Лебедев 57 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан "Металлург" ва "ФарДУ" жамоалари ўртасида ўтказилиши режалаштирилган ўтиш ўйини бошқа муддатга қолдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.

Маълум қилинишича, Сергей Лебедев 25 ноябрь куни Бекободда бўлиб ўтиши керак бўлган "Металлург"га қарши учрашувга тайёргарлик кўриш учун шогирдлари билан Тошкентда йиғин ўтказаётган бўлган.

Бироқ мутахассиснинг тўсатдан аҳволи ёмонлашган. У зудлик билан пойтахтдаги клиникалардан бирига олиб борилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Профессионал футбол лигаси ушбу фожиа сабаб "Металлург" — "ФарДУ" учрашуви қолдирилганини маълум қилди. Баҳснинг янги санаси кейинроқ эълон қилинади.

Маълумот учун, Сергей Лебедев 1969 йил 31 январда Фарғона вилоятида туғилган. У фаолиятининг асосий қисмини "Нефтчи" клубида ўтказиб, беш карра Ўзбекистон чемпиони ва икки карра мамлакат кубоги соҳиби бўлган.

1994–2000 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 33 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол урган. 1994 йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси билан олтин медални қўлга киритган.

    Бошқа янгиликлар